Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 23 май куни вояга етмаган бола йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Фото: ЙҲХББ

Ҳодиса соат 13:00 ларда «Бўстон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи маҳаллий автомобиль йўлида юз берган. 1992 йилда туғилган С.Х. Nexia-3 автомобили тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқараётиб, йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган 2009 йилда туғилган С.Т.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Оқибатда пиёда 11 ёшли С.Т. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Шўрчи туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни Сурхондарёнинг Узун туманида Lacetti йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган икки болани уриб юборганди. Оқибатда 8 ёшли бола ҳаётдан кўз юмганди. Худди шу куни вилоятнинг Қумқўрғон туманида Captiva билан тўқнашган трактор бир неча бўлакка бўлиниб кетган, трактор йўловчиси 13 ёшли бола 7 май куни шифохонада вафот этганди.