Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафар, Самарқанд вилоятида 12 нафар ҳамда Навоий вилоятида 8 нафар, жами 33 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди, дея хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фото: «Дарё»

Шу тариқа Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида тузалганлар 919 нафарга етди ва даволанаётганлар 353 нафарни ташкил этмоқда.

Самарқанд вилоятида соғайганлар 230 нафарга етиб, даволанаётганлар 94 нафар бўлиб турибди.

Навоий вилоятида дарддан фориғ бўлганлар 10 нафар, даволанаётган беморлар эса 78 нафарни ташкил қилмоқда.

Аҳоли орасидан коронавирус инфекцияси аниқланаётган фуқаролар ҳам айнан ушбу учта ҳудуд: Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Ушбу ҳудудларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда беморларни самарали даволаш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Охирги сутка давомида 2020 йил 24 май соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 33 нафар бемор тузалиб, коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2565 нафарга етди.

Ўзбекистонда 24 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус аниқланганлар сони 3132 нафарни ташкил қилиб, соғайган ва вафот этганлардан ташқари 554 нафар бемор даволанмоқда. 15 мартдан бери 13 нафар бемор инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.