АҚШнинг Виржиния штатида яшовчи Шанслар оиласи узоқ муддат давом этган карантиндан сўнг дам олишга қарор қилди ҳамда машинада йўлга отланди, деб ёзади Esquire.

Фото: CNN

Оила аъзолари йўлдан бир миллион доллар нақд пул топиб олди.

Майор Скотт Мозернинг айтишича, машина тасодифан йўлда ётган қопни босиб кетган. Оила аъзолари дастлаб қопни ахлат деб ўйлади. «Шундай қилиб, машина қопни босиб ўтган. Улар йўлда давом этиш ўрнига қопни машинага ортган»,  — дейди Мозер.

Бироз йўл юргач, Шанслар иккинчи қопни учратади. Улар ўйлаб ҳам ўтирмасдан уни ҳам машинага ортган.

Уйга қайтгач, оила аъзолари қопларни ташлаб юборишга қарор қилган, бироқ ташлашдан олдин уни очиб кўрмоқчи бўлишган. Маълум бўлишича, қопларнинг биринчисида почта, иккинчисида пластик пакетларда пуллар бўлган.

Шанслар оиласи шу заҳотиёқ маҳаллий полицияга мурожаат қилган. Аниқланишича, пуллар ҳақиқий бўлган ҳамда уларнинг тахминий миқдори бир миллион долларга тенг бўлган.

Полиция ҳозирда пулларни ҳақиқий эгасига қайтариш устида иш олиб бормоқда.

«Мен бу оиланинг ҳалоллигига қойил қолдим. Аминманки, ушбу қарорни қабул қилиш осон бўлмаган. Бу қарийб бир миллион доллар нақд пул», — дейди майор.