Май ойининг учинчи ҳафтаси дайжестига ҳам етиб келдик. «Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз. Бунақасини «Ўзбекистон 24» телеканалидан тополмайсиз.

Хабарларни коронавирус мавзуси билан давом эттирамиз. Шу ҳафта Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази ходимида коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу муносабат билан ДСҚ марказий аппарати ходимларидан тест олинмоқда. Бундан ташқари, ўтган ҳафта пойтахтдаги Ўрикзор бозорида ҳам коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаро аниқлангани учун бозор ёпиб қўйилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда карантин чоралари аста-секинлик билан юмшатилиб, жамоат транспортлари қатновига ҳам рухсат бериш бошланган эди. 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) ҳамда Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) учун коронавирус инфекциясига тест топшириш талаби белгиланган.

Фото: Google Photos

Аммо карантин шароитида аҳолининг иқтисодий ҳолатини эътиборга олиб, шунингдек, ҳаракатланиш вақтида йўловчиларнинг ижтимоий масофа сақлашини назарда тутиб, қолаверса, фуқароларнинг ҳудудлараро ҳаракатланишида ортиқча ноқулайликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси ушбу талабни бекор қилди. Демак, коронавирус тестисиз поездга чиқа оласиз.

Мамлакатда инфекция тарқала бошлаганда «кун исиса йўқолиб кетади», «кейинчалик мавсумий гриппдек ўтади», деган умидли қарашлар тарқалганди. Бугунги тажрибамиздан хулоса ясаб, бу фикрлар бир қадар янглиш бўлганини айтиб ўтамиз: COVID-19 оддий шамоллашга ўхшаган мавсум касали эмас, асосан, карантин ва шунга ўхшаш чеклов чоралари сабабли юқиш камаймоқда. Эпидемиянинг иккинчи тўлқини кузатилишига асос бор, тузалиб чиққанлар қайта юқтириши эҳтимоли мавжуд, эмдори топилаётгани ҳақида маълумотлар жуда оз, қачон ва қаерда яратилиши номаълум, топилганда ҳам оммавий ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун бир йилга яқин вақт кетади. Пандемия ҳолати бир йил ёки кўпроқ чўзилиши мумкин.

2020 йил 24 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 164 (+14) нафарни ташкил этди. Айни пайтда 2 565 (+33) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайди. Ҳозирда 586 нафар бемор даволанмоқда.

* * *

Сардоба иши бўйича икки нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Gazeta.uz» нашрининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасининг маълум қилишича, гумонланувчилар орасида 2018 йил 21 сентябрдан буён «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси қошидаги Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоев (1987 йилда туғилган) ҳам бор. У Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

Фото: Google Photos

21 май куни Зироат Мирзиёева ва Саида Мирзиёева Сардоба сув омбори атрофидаги фавқулодда вазият рўй берган ҳудудларга ташриф буюрди ҳамда сув тошқини бўлган ерлардан эвакуация қилинган аҳоли билан учрашди. Зироат Мирзиёева раислик қилувчи Zamin фонди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳамкорликдаги ижтимоий лойиҳаси доирасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 11 та зарар кўрган маҳаллада истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 60 дан ошган барча қарияларни 10 кун давомида пойтахтда ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган сиҳатгоҳлар ва дам олиш масканларига, 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги оромгоҳларга бепул таклиф қилинадиган бўлди.

* * *

Бу йилги Рамазон ҳар йилгисидан фарқли ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари намозхонлар билан тўлиб-тошган масжидлар салобатини ҳар йилгидан кўпроқ соғинди. Тошкентда зуҳо намози 24 май куни соат 5:20 да ўқилди.

Саудия Арабистони ва Мисрнинг Ал-Азҳар жомиаси карантин сабабли Ҳайит намозини уйда ўқиш кераклигини айтган бўлса, Покистон, Ҳиндистон ҳамда бир қатор фатво уюшмалари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан Ҳайит намозини уйда ўқиб бўлмаслиги таъкидланди. Бу масала ихтилофли саналгандир. Ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, аҳоли саломатлигини сақлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими зуҳо намози ўқишни тавсия қилди. «...Ҳайит намозини ўқий олмаган киши зуҳо намозини ўқиши мустаҳаб эканини айтишган», — деди идора фатво бўлими етакчи мутахассиси Абдулатиф Турсунов.

Макка.

Фото: AFP

Мактаб битирувчилари учун қувончли бўлган бир янгиликни дайжестимизга киритдик. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, кўпчилик ота-оналарнинг илтимосларини инобатга олиб, бу ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинади. Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида жорий ўқув йилининг учта чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилади. Шу билан биргаликда, «kundalik.com» тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини ҳам йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилади.

* * *

Ҳафтанинг қизғин муҳокамаларидан бири икки нафар спорт журналистининг ишдан бўшатилиши бўлди. «Орият Доно» радиоканалида эфирга узатилган «Футбол плюс» лойиҳаси иштирокчилари Бобур Акмалов, Жамолиддин Бобожонов ва Хайрулла Ҳамидов ўзаро суҳбатда «Ўзбекистон 24» телеканали хусусида танқидий фикр билдириб, канал хабарлари ҳақиқий ҳаётдан йироқ экани ҳақида («Сусамбил»да ташкил қилинганми дея) мулоҳаза билдирган. Шундан сўнг МТРК раҳбари Алишер Хаджаев уларни корпоратив этика тушунчасидан йироқ эканликларини, спортчилар орасида жуда қадрланадиган жамоавий бирлик қадриятини умуман тушунмасликларини таъкидлаб, уларнинг профессионализмини шубҳага олганди.

Бобур Акмалов.

Фото: Telegram

Кўп ўтмасдан «Спорт» телерадиоканалида 1-тоифали муҳаррир штатида ишлаб келган Бобур Акмалов ва «Спорт» телерадиоканали бош режиссёри Жамолиддин Бобожонов бўшашга ариза ёзган. «Ориат доно» радиосидаги «Футбол плюс» лойиҳаси ёпилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Радионинг YouTube’даги саҳифасида ўша кунги сони ўчириб ташланди.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кучли резонанс берди. Қатор журналист ва блогерлар ишдан бўшаган журналистларни қўллаб-қувватлади.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.