Москва ҳайвонот боғида Миссисипи аллигатор Сатурн вафот этди, деб ёзади Esquire.

Фото: Москва ҳайвонот боғи

«Бизнинг Миссисипи аллигаторимиз Сатурн кексаликдан вафот этди. Унинг ёши 84 да эди. Ёввойи табиатда бундай жониворлар 30-50 йил умр кўради. Сатурн узоқ ва воқеликларга бой ҳаётни бошдан кечирди», — дейилади хабарда.

Сатурн 1936 йилда АҚШда дунёга келган ҳамда уни шу заҳотиёқ Берлин ҳайвонот боғига топширишган.

1943 йилдаги портлашлар чоғида аллигатор ҳайвонот боғидан қочиб кетган.

«Аллигатор кейинги уч йилни қаерда ўтказгани номаълум. Уни 1946 йилда британиялик аскарлар топиб олган ҳамда СССРга берган», — дейилади хабарда.

Яна бир тахминга кўра, аллигатор уч қишни шаҳар кўчаларида ўтказган. Бироқ мутахассислар аллигаторлар шаҳар шароитида узоқ вақт яшай олмаслигини айтган.

Аллигатор Москвага олиб келинганида одамлар орасида турли гап-сўзлар тарқалган. Одамлар унинг ҳайвонот боғида эмас, балки Гитлернинг шахсий коллекциясида бўлганини гапирган ва ҳатто унга «Гитлернинг шахсий аллигатори» ёки оддийгина «Гитлер» дея лақаб қўйишган.

Гитлерга алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар туфайли аллигаторга бир неча маротаба ҳужум қилишган, уни қалин ойна билан ўраб қўйишга тўғри келган.

«Биз фахрий аллигаторга максимал даражада яхши қарашга ҳаракат қилдик. У овқатни танлаб ерди, чўтка билан массаж қилишимизни яхши кўрарди, унга нимадир ёқмаса пўлатдан ясалган овқат узатгични тишларди», — деб эслайди ҳайвонот боғи ходимлари.

Сатурн ҳайвонот боғида 74 йил яшади. У уруш портлашларидан ташқари бошқа қийинчиликларга ҳам учраган. Унинг урғочиси Шипка тухум қўяётганида вафот этган. Аллигатор узоқ вақтгача ўзига кела олмагам, у овқатдан ҳам юз ўгирган. 80 йилларда аквариум томидан бетон плита тушиб кетган. Аллигатор мўъжиза сабаб бир четга яшириниб олиб, омон қолган.

«Сатурн биз учун бутун аср дегани. У ҳайвонот боғига ғалабадан кейин келиб, биз билан унинг 75 йиллигини нишонлади. Ҳар биримиз унинг ёнида бўлиб, кўзига боқишимиз катта бахт эди. У кўпчилигимизни болалик давримиздан бери биларди. Умид қиламизки, биз уни хафа қилмадик», — дейди ҳайвонот боғи ходимлари.