Ўзбекистонда 25 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 16 кишига кўпайиб, 3180 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Янги касалланиш ҳолатларининг 4 нафари Қорақалпоғистонда аниқланиб, улардан 3 нафари хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобиль ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 нафари чегара божхона пости ходими.

5 нафари эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Яна 1 нафар Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 2565 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайган. Ҳозирда 602 нафар беморга шифокорлар томонидан даво чоралари кўрилмоқда. 3 нафар беморнинг аҳволи оғир.