Суриянинг Алеппо шаҳридаги музқаймоқ фабрикаси эгаси Соҳиб Абдулла бахт рецептини ошкор қилди, деб ёзади «РИА Новости».

Фото: Getty Images

У маҳаллий телеканал эфирида бахтли бўлиш учун одамларга ширинликлардан тийилмасликни маслаҳат берган.

«Музқаймоқнинг ҳамма тури мазали. Мен бир ейишда бир килограмм музқаймоқни паққос туширишни ёқтираман. Ҳа, тўғри, қоматим жуда чиройли эмас, лекин мен жуда бахтли инсонман. Мендан ўрнак олинг», — дейди Абдулла.

Фабрика эгасининг ўғли музқаймоқни боғларидаги мевалардан тайёрлашларини айтган.

«Ҳозир гилос, қулупнай, шафтоли ва лимондан музқаймоқ қиламиз. Музқаймоқнинг барча масаллиқлари табиий маҳсулотлардан. Сутни ҳам ўз фермамиздан оламиз», — дейди у журналистларга.

Суриялик оиланинг фабрикаси яқин кунларгача жангарилар томонидан ўққа тутилган ҳудудларга яқин жойда жойлашган.

Ҳозирда одамлар ўз ҳаётини хавф остига қўймасдан музқаймоқ сотиб олишга келиши мумкин. Ишлаб чиқариш фабрикасида 30 киши ишлайди, уларнинг орасида қочоқлар ҳам бор.