Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар қайд этилган Тошкент шаҳрининг эпидемиологик тоифаси «сариқ»дан «қизил»га ўзгартирилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўз борган.

26 май ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 40 та туман (шаҳар) «қизил», 45 таси «сариқ» ҳудуд сифатида қолмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри ҳам «сариқ» ҳудудлар қаторида эди. Бироқ ўтган 10 кун ичида Тошкент минтақасида 114 та касалланиш ҳолати қайд этилди (хусусан, «Ўрикзор» бозоридаги сотувчида, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги марказ ходимида ва «Ипотека банк» вакилида).

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Республика махсус комиссиясига вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиш ҳақида топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 8 майдан эътиборан, «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиб чиқилган эди. 15 майдан барча тоифалардаги ҳудудларда айрим карантин чекловлари янада юмшатилган.

18 майдан «сариқ» тоифадаги ҳудудларда шахсий автотранспорт воситаларини стикерсиз соат 6:00 дан 22:00 гача бошқаришга, «яшил» ҳудудларда эса умуман чекловсиз фойдаланишга рухсат берилган эди.

Маълумот учун, 26 май соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 3281 та ҳолатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати аниқланган, беморларнинг 2627 нафари соғайган, 13 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.