Яқинда бутун дунё яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлади. Яъни Crew Dragon Халқаро космик станциясига астронавтларни элтади. «Дарё» Илон Маскнинг SpaceX компанияси космик пойгада қандай қилиб олдинда кетаётгани ҳақидаги Meduza эълон қилган мақолани таржима тариқасида тақдим этади.

Агар ҳаммаси режадагидек кетса, астронавтлар 27 май куни деярли тўққиз йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта Халқаро космик станцияга Россиянинг «Союз» элтувчисида эмас, балки Американинг SpaceX компаниясига тегишли Crew Dragon космик кемасида йўл олади. Бу серияга тегишли космик кемалар аллақачон бир нечта синовлардан ўтди ва улардан бири юк ташувчи сифатида ҳатто ХКСда бўлишга ҳам улгурди. Бироқ шу пайтгача ҳеч қачон одамларнинг ҳаёти Илон Маск компаниясининг аппаратларига бевосита ишониб топширилмаган эди.

Фото: Google Photos

SpaceX’да шу пайтгача бўлган барча парвозлар учувчисиз амалга оширилган. Шартли номи SpaceX Demo-2 тарзда белгиланган жорий миссия эса Crew Dragon космик кемаларини штат бўйича эксплуатацияга қабул қилиниши олдидан сўнгги синов парвози бўлиши керак ва у «Атлантис» шаттлидан рамзий эстафетани қабул қилиб олади. Айнан «Атлантис» 2011 йилнинг 8 июнида ХКС томон стартга чиққан ва у Американинг ҳозирча охирги учувчили космик кемаси бўлган эди. У ҳам ҳозирда Crew Dragon турган LC-39A старт майдончасидан парвоз қилган.

Шундоқ ҳам ноодатий бўлган SpaceX Demo-2 миссиясининг ушбу парвози яна бир жиҳати билан ўзига хос ноёбликка эга бўлади: тарихда биринчи маротаба, учувчили космик кеманинг парвози Флоридадаги Жон Кеннеди номидаги космик марказда кўп сонли томошабинларсиз амалга оширилади. Бунинг айбдори, албатта, коронавирус эпидемиясининг давом этаётганидир.

Канаверал бурнидаги старт майдончасидан иккита астронавтдан иборат экипажнинг Falcon 9 Block 5 ракета элтувчисида стартга чиқишини фақат бир неча журналист ва телеоператорлар (шунингдек, эҳтимол, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам) кузатади, холос. Парвоз Москва вақти билан 27 май, соат 23:33 га режалаштирилган (Meduza воқеани онлайн ёритади). Ракетанинг биринчи босқичи ўз асосий вазифасини бажариб бўлганидан кейин Атлантика океанида «Of Course I Still Love You» («Албатта, мен сени ҳамон севаман») номли баржага қўниши керак.

Биринчи учувчили Crew Dragon’нинг экипажи NASA’нинг аввал ҳам икки мартадан космик парвозни амалга оширган, тажрибали икки астронавтидан иборат. Шаттлнинг собиқ учувчиси Дуглас Херли кема командири этиб тайинланган, учиш мутахассиси Роберт Бенкен эса ХКС билан ўзаро биргаликдаги операциялар командири этиб белгиланган. Экипажнинг бундай вазифалари камдан-кам учрайди ва бундай вазифа фақат синов учишларида тақсимланади, холос. Одатда Crew Dragon сингари космик кемаларнинг экипаж таркибига командир ва борт муҳандислари киради.

Херли Crew Dragon’нинг автоном учиш қисмига масъул бўлади, Бенкен эса ХКС билан автоматик туташув ва узилишни назорат қилади. Улар биргаликда кеманинг одамларни орбитага элтишга қай даражада тайёр эканига баҳо беришлари керак бўлади. Бундан ташқари, улар SpaceX томонидан ишлаб чиқилган скафандрларнинг қулайлигини ва функционаллигини реал шароитларда текшириб кўришлари лозим бўлади.

13 май куни астронавтларни парвоз олдидан қилинадиган икки ҳафталик карантинга жўнатган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан уларни SARS-CoV-2 вирусига нисбатан ҳам текшириб кўришди — NASA’дагилар ушбу вирус ХКСга бориб етиши эҳтимолидан хавфсирашмоқда. 27 май куни Жон Кеннеди номидаги Космик марказнинг карантин ҳудудидан уларни старт майдончасига NASA рамзи туширилган оқ Tesla Model Х электромобили элтиб қўяди. Falcon 9 Block 5 ракета элтувчисининг биринчи босқичига ҳам, албатта, ушбу космик агентлик рамзи туширилган ва эътиборлиси, бу рамзнинг ҳозирги талқини эмас, балки 1975 йилдан 1992 йилгача оралиқда фойдаланилган аввалги талқинидир.

Crew Dragon’нинг ХКСгача парвози, тахминан, бир сутка давом этади. Экипаж кема системаларининг иш фаолиятини назорат қилиб туради ва озроқ ухлаб олади, холос. 28 май куни Crew Dragon ХКСнинг Америкага тегишли сегментидаги Harmony модулининг туташув мосламасига автоматик режимда уланиши керак. Исталган киши ҳозирнинг ўзида ушбу жараённинг симуляциясини браузер орқали SpaceX сайтидан кўриши мумкин.

Фото: Google Photos

Нафақат янги кема, балки (америкаликлар учун) янги бўлган автоматик туташув системаси ҳам синовдан ўтади.

Дуглас Херли ва Роберт Бенкен Космик станцияда ХКС-63 нинг командири Кристофер Кессиди (АҚШ) ва борт муҳандислари Анатолий Иваншин ҳамда Иван Вагнердан (Россия) иборат бўлган асосий экспедициясига бориб қўшилади. Туташув автоматик режимда амалга ошиши керак. Бу нарсанинг ўзи алоҳида аҳамиятга эга эмас: учувчили «Союзлар» ҳамда юк элтувчи «Прогресслар» (шунингдек, Европанинг космосга беш маротаба парвозларни амалга оширган ATV юк кемалари ҳам) бошиданоқ станцияга автоматик туташиб келган.

Бироқ янги SpaceX’нинг ўтмишдошлари бўлган Dragon юк кемаси ҳамда унинг рақобатчиси Cygnus ҳам ХКСга ўрнатилган, Канаданинг Canadarm2 номли манипулятори ёрдамида қўлда бошқарув режимида туташтирилган эди. Худди «Союз»даги сингари Crew Dragon’да ҳам қўлда бошқарув тизими, албатта, кўзда тутилган. Синов парвози мобайнида Роберт Бенкен станция билан қўлда туташув режимини ҳам текшириб кўради.

Янги кема экипажи ХКСда техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Миссия қанча давом этиши номаълум.  Crew Dragon экипажи космик станцияда 30 кундан 119 кунгача бўлган вақт орасида қолиши мумкин. Миссиянинг давомийлиги ҳақидаги якуний қарорни NASA туташув амалга ошгандан кейин қабул қилади. Туташув штат бўйича кечганига ва герметиклик борасида эътирозлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, мутахассислар кеманинг борт тизимларининг ҳолатини ҳар куни баҳолаб боради.

Херли ва Бенкеннинг фаолияти давомида шу пайтгача ХКСни йиғиш дастури билан боғлиқ бўлган, шаттлларда амалга оширилган қисқа парвозлар бўлган, холос. Лекин улар станциядаги илмий дастурларда ва техник хизмат кўрсатиш ишларида ишлаш бўйича тайёргарликдан ўтган. Астронавтларнинг ҳар иккаласи Юлдузлар шаҳарчасида бўлган ва станциянинг Россияга тегишли сегменти билан танишган. Миссия давомида очиқ фазога чиқиш борасида катта тажриба эгаси бўлган Роберт Бенкен, Кристофер Кессиди билан биргаликда станциянинг ташқарисида никель-водородли эски аккумуляторларни литий-ионли янги батареялар билан алмаштиради.

ХКСдаги ишни тугатиб ва қайтарилаётган юкларни олиб, Дуглас Херли ва Роберт Бенкен Ерга қайтади ва Флорида яқинига, Атлантика океанига парашютлар воситасида келиб қўнади, ўша жойда уларни Go Navigator номли қутқарув кемаси чиқариб олади.

Crew Dragon’нинг қайтариладиган аппаратлари кўп марта ишлатишга мўлжалланган, лекин NASA билан шартномага кўра, одамларни станцияга элтиш учун қўлланганда улардан бир марта фойдаланилади, холос. Шунга қарамай, ушбу капсулалардан SpaceX’да ХКСга юк юбориладиган миссиялар учун такрорий фойдаланишга рухсат берилган.

Crew Dragon космик кемасининг синов парвози муваффақиятсизликка учраган тақдирда америкалик астронавтларни ХКСга элтиш учун NASA «Роскосмос» билан 2020 йилнинг октябрида «Союз МС-17» космик кемасида парвоз қилиниши ҳақида шартнома имзолаб қўйган. Ўша эҳтимолий парвоз учун NASA 90 миллион доллар тўлайди. Шунингдек, кейинги икки ярим йил мобайнида NASA  Халқаро космик станцияга қўшимча равишда 800 кг Россияга тегишли юкларни олиб чиқади.

Илк учувчили парвоз – SpaceX’нинг яққол ғалабасидир. Илон Маскнинг компанияси космик пойгада Boeing’ни ортда қолдирди. SpaceX ютуқларига тааллуқли бўлган машҳур «ўшанда гаплашамиз» номли рўйхатни тез орада яна таҳрирлашга тўғри келади. Учувчили космик парвоз — хусусий компания учун фантастик натижадир.

Фото: Google Photos

SpaceX муваффақиятларининг пойдевори 2010 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама томонидан ўзидан аввалги президент Жорж Буш 2004 йилда эълон қилган, америкаликларнинг Ойга қайтиши ҳақидаги «Юлдуз туркуми» дастури тўхтатилганидан кейин қўйилган эди. Унчалик ҳам ишончли бўлмаган ва фавқулодда қиммат деб баҳоланган шаттллар ўрнига «Тижорий орбитал транспорт хизматлари» дастури тажрибасидан келиб чиққан ҳолда юкларни ХКСга элтишнинг тижорий асосда амалга ошириладиган учувчили космик кемаларни яратиш дастурини бошлашга қарор қилинган эди. Бу жараён NASA раҳбари Чарльз Болденнинг биринчи муовини Лори Гарвер томонидан бошқарилган.

2011 йили ХКСнинг Америкага тегишли сегментини йиғиш якунланди ва «Атлантис», «Дискавери» ҳамда «Индевор» шаттллари музейга йўл олди. Америкаликларнинг космосга мустақил равишда учиши борасидаги энг узоқ танаффус шу тариқа бошланган эди. Шундан бошлаб, ХКСга экипажларни элтиш вазифаси «Союзлар»га юкланди ва бу «Роскосмос»га NASA билан шартномалар орқали мўмайгина пул ишлаб олиш имконини берди. NASA ўз астронавтлари билан бирга, ХКС учун қўшган улушига кўра квота жойлари ажратилган мамлакатлар — Канада, Европа Иттифоқи ва Япониянинг астронавтлари учун ҳам пул тўлаган.

Умуман олганда, Американинг космик дастурларида (худди советларнинг ёки Хитойнинг дастурларида ҳам бўлгани сингари) аввал ҳам учувчили парвозлар орасида муайян танаффуслар бўлиб турган. Улар орасида нисбатан кичик танаффуслардан 1966 йилдаги «Жемини-12» ва 1968 йилдаги «Аполлон-7» оралиғидаги икки йилни ҳам ёки бошқа узоқроқ давом этган танаффусларни ҳам айтиш мумкин. 1975 йилдаги «Аполлон» парвозидан 1981 йилнинг 12 апрелидаги «Колумбия» шаттли парвозигача орада олти йил вақт ўтган. Ҳозирги танаффус эса рекорд бўлди: шатллар ўрнини босадиган нарсани яратиш учун 10 йил талаб қилинди.

Учувчили янги космик кемалар концепциясини ишлаб чиқиш борасидаги биринчи босқич ишлари 2010 йилда бошланди ва ўшанда NASA ушбу дастур учун 50 миллион доллар ажратди. Бу пулларни Blue Origin, Boeing, Paragon Space Development Corporation, Sierra Nevada Corporation ва United Launch Alliance компаниялари тақсимлаб олди. Айтганча, «Орёл» номли Россиянинг янги авлод учувчили космик кемаларини яратиш борасидаги ишлар ҳам, тахминан, ўша пайтда бошланди.

Молиялаштиришнинг 270 миллион долларгача оширилиши билан очилган иккинчи босқич эса 2011 йилда бошланди. NASA ажратган пулларни ўшанда тўртта компания: Blue Origin, Boeing, Sierra Nevada Corporation ва SpaceX компаниялари ўзаро бўлишди. Кейинги йили эса танловдан фақат учта компания — Boeing, Sierra Nevada Corporation ва SpaceX ўтди, холос. Уларга умумий миқдорда 30 миллион доллар ажратилди.

2014 йилда иккита ғолиб номи эълон қилинди ва улар билан астронавтларни ХКСга элтишга хизмат қилувчи транспорт тизимларини яратиш (ракета, учувчили космик кема ва инфраструктура) шартномалари имзоланди. Ўшанда SpaceX NASA’дан 2,6 миллиард доллар олди, Boeing’га эса 4,2 миллиард берилди.

Лойиҳалашнинг дастлабки босқичларида Crew Dragon космик кемаси ҳозир старт майдончасида турган нусхасидан кескин фарқ қиларди. Масалан, концепцияда тормозланишни фақат двигателлар таъминлаши назарда тутилганига қарамай, қўнишнинг парашютсиз амалга оширилиши режа қилинган эди. Бироқ ишончлилик борасида NASA томонидан илгари сурилган қатъий талаблар бу сингари кўплаб инновацияларнинг йўлини тўсди ва кема лойиҳасини барибир у ёки бу даражадаги «мумтоз» схемага келтириб қўйди.

Фото: Google Photos

2019 йилнинг мартида Crew Dragon’нинг ХКС томон илк парвози амалга оширилди (SpaceX Demo-1 синов миссияси). Космик кема ўшанда ХКСга озиқ-овқат маҳсулотларини элтиб берди ва Ерга керакли юкларни олиб тушди. Астронавтлар ўрнига ўшанда кема бортида скафандр кийган манекен жойлашган бўлган ва у ўша пайтда ўзининг экранга чиққанининг 40 йиллик юбилейини нишонлаган  фантастик фильм — Ридли Скотнинг «Ўзга» фильмидаги қаҳрамон Эллен Рипли номи билан аталган.

Ўша лаҳзадан бошлаб космик пойгада Boeing’дан кўра, SpaceX шубҳасиз фаворитга айланганига ишонч ҳосил қилинган эди. Лекин вазият атиги бир ой ичида ўзгариб кетди: 2019 йилнинг 21 апрелида Crew Dragon капсуласи двигателларнинг ердаги синовлари вақтида айнан авария қутқаруви системасининг баҳолаш тестлари чоғида портлаш юз берди. Boeing ўзининг Starliner номли космик кемаси лойиҳаси билан рақибни қувиб ета бошлади. 4 ноябрь куни унинг авария қутқарув тизими синовлардан муваффақиятли ўтди, 20 декабрь куни эса Boeing Orbital Flight Test деб номланган синов миссияси старт олди.

Бу Starliner’нинг ХКС томон биринчи парвози эди ва у Россиянинг РД-180 двигателлари билан жиҳозланган Atlas V ракета элтувчисида парвоз қилган. Худди SpaceX Demo-1 миссиясидаги сингари Starliner’нинг парвозида ҳам астронавтлар ўрнига бортга манекен жойлаштирилган эди. У Boeing компаниясининг ўзи томонидан ишлаб чиқарилган скафандрга жойлаштирилган парчинловчи Роузи манекени бўлган.

Афсуски, Роузига ХКСга етиб бориш насиб этмаган экан. Кеманинг парвоз вақтини ҳисоблаш системаси ишдан чиққани сабабли ёқилғи сарфи меъёридан ошиб кетди. ХКС билан туташув бекор қилинди ва космик кемани нисбатан пастроқ орбитада автоном парвозда синовдан ўтказиб, 22 декабрь куни Нью-Мексикодаги Уайт-Сэндс полигонида парашют ва иширма ёстиқчалар воситасида муваффақиятли қўндириб олинди. Парвоз натижаларини таҳлил қилиш натижасида кўп миқдордаги дастурий таъминот хатолари аниқланди.

NASA эса Starliner’нинг ХКС томон учувчисиз амалга ошириладиган синов парвозини уни ишлаб чиқарган компаниянинг ўз ҳисобидан, албатта, такрорий амалга оширилиши керак деган хулосага келди. Шунда Boeing SpaceX билан космик пойгада яна аутсайдерга айланди. Бу ва бошқа муваффақиятсизликлар эса оқибатда корпорациянинг ижрочи директори бўлган Деннис Мюленбургнинг истеъфо беришига олиб келди.

Айни дамда SpaceX дастлабки учувчили парвозга жадал яқинлаша бошлади. 2020 йилнинг 19 январида компания Crew Dragon экипажини парвоздаги ракетадан авариявий қутқариш тизимини муваффақиятли равишда тестдан ўтказди. 1 май санасида эса парашютлар тизимини ҳам муваффақиятли синаб олди. Шу тариқа сўнгги махсус тест — ХКСга синовчи-астронавтларни элтиш парвозини амалга оширишдан олдин қилиниши керак бўлган барча расмий талаблар бажарилди.

Фото: Google Photos

Crew Dragon билан бир вақтда Россиянинг янги космик кемаларини яратиш устида иш бошланди. Унинг илк парвози эса муттасил орқага сурилмоқда. Американинг астронавтларни ХКСга тижорий асосда олиб чиқиш дастури билан таққослаш учун Россиянинг тўрт ўринли янги авлод учувчили космик кемаси «Орёл» (аввалги номи «Федерация») дастурини кўрсатиш мумкин. Россиянинг янги космик кемаси устидаги ишлар 2009 йилда бошланган эди. Унинг биринчи қуйи орбитал парвоз учун мўлжалланган моделини 2017 йилда «Восточний» космодромидан янги турдаги элтувчи ракета — «Ангара-А5П» воситасида синов парвозга учирилиши режалаштирилганди.

Лекин бир вақтнинг ўзида космик кеманинг ҳам, ракетанинг ҳам ва старт майдончасининг ҳам қурилиш ишлари кеч қолаётгани сабабли мазкур синов парвози аввалига 2021 йилга кечиктирилган бўлса, кейинчалик бу муддат 2022 йилгача кечиктирилди ва энди гап «Восточний» космодромидан старт ҳақида эмас, балки Бойқўнғирдан амалга ошириладиган старт ҳақида бормоқда. Шунингдек, элтувчи ракета ҳам энди «Ангара» эмас, балки «Союз-5» бўлиши белгиланди. Боз устига, парвоз яна ҳам кейинроқ бўлган бошқа муддатга қолдирилди. Сўнгги маълумотларга кўра, «Орёл» 2023 йилда «Восточний» космодромидан «Ангара А5П» ракетаси воситасида парвоз қилиши лозим.