Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги руҳий асаб-касалликлар шифохонасининг эркак ходимлари аёл беморларни мунтазам равишда калтаклаб келиши, уларни жинсий алоқага мажбурлаши ҳақида маълумот қолдирилди. Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси эса хабардаги гапларни рад этди.

Фото: «Дарё»

«Шифохонанинг ишчи ходим ва раҳбарлари гуноҳдан қўрқмайдиганлардан, — дейди бу ҳақда маълумот қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси. — Фактлар мавжуд ва бу қўшмачилар, асосан, шифохонанинг эркак ходимлари».

Бу ҳақда маълумот қолдирувчи ҳолат ўрганилиб, айбдорларга жазо тайинланиши кераклигини таъкидлайди.

Ушбу ҳолатга муносабат билдирган Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати эса мазкур маълумотни асоссиз эканлигини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган халқ тилида «Аврора аёллар руҳий касалликлар шифохонаси» деб аталадиган илгари Қарши туманидаги Наврўз қўрғонида жойлашган муассаса ҳақидаги танқидий постга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Постда билдирилган фикрларни мутлақо асоссиз, деб ҳисоблаймиз. Мазкур муассаса бундан етти ой муқаддам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 2019 йил 14 октябрдаги буйруғига асосан Қарши шаҳри Ислом Каримов кўчаси 85-уйда жойлашган 190 ўринли вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасининг янги биносига тўлиқ кўчириб ўтказилган ва айни пайтда шу ерда фаолият кўрсатмоқда.

Наврўз қўрғонидаги бинода эса ҳозирги вақтда беморлар сақланмайди.

Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси

Аввалроқ айнан шу шифохонада даволанаётган аёл бошқа беморлар томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берилганди.