Нарпай тумани Халқ таълими бўлими мудири Мирзоҳид Йўлдошев раислигида 12 май куни ўтказилган тумандаги мактабларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига масъул ва бухгалтерия ходимлари иштирокидаги йиғилишда мактаб директорлари томонидан «Саховат ва кўмак» хайрия ҳаракатининг ҳисоб рақамига «имкониятдан келиб чиқиб» пул ўтказиш зарурлиги таъкидланган. Бу ҳақда йиғилишнинг «Дарё»га тақдим этилган аудиосидан маълум бўлди.

12 майдаги йиғилишда асосан Нарпайдаги мактаблар, уларнинг ошхона ва ҳожатхоналарини таъмирлаш ишлари муҳокама қилинган. Туман ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев йиғилганлардан ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида берилаётган топшириқларни бажаришни талаб қилган. «Топшириқ берилдими, жим бўлиб (ўзгартирилган; аслида «жим бўлиб» ўрнига қўполроқ гап ишлатилган — «Дарё»), қил шу ерда, сенга бир юк кўтартириб қўйганимиз йўқ», — дейди Мирзоҳид Йўлдошев ва: «Кейинги топшириқ...», — дея иккинчи масалага ўтади.

«Ҳозир ‘Саховат ва кўмак’ ҳисоб рақами очилган, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларига кўмак бериш учун... Ҳозир ўзимизнинг туманга 29-коллеждан 12 хил маҳсулот тарқатиляпти. Ҳозиргача туман бюджетига 424 миллион сўм пул тушибди. Тахминан 100 миллиард атрофида қолдиқ қолган, қолганини чиқаряпти. Биз ҳам ташкил қилиб тўладик, лекин буни кам деяпти. Эрталабга йиғилишда ҳам айтди кам деб, кечқурунги йиғилишда ҳам айтди. Шунинг учун ҳар битта мактабга, сизлар билан маслаҳатлашган ҳолда айтяпман, директорларга 100 минг—100 минг сўмдан йиғиб беринглар деб айтса, қила оладими, қила олмайдими? Фикрларинг қандай?», — деб туман ХТБ мудири йиғилиш қатнашчиларига мурожаат қилган.

Йиғилиш қатнашчилари орасида тасдиқ жавобини берганлар ҳам бўлган.

«Ўзларинг олиб келасанлар-да, ўзларинг тўлайсанлар, лекин квитанциясини мактаб директорига беринглар, норози бўлмасин. Кеча мен ҳокимга айтдим, ҳозир қарзга ремонт қилдиряпман, тўғри тушунинг, қийналиб қиляпти, ўқитувчини, ота-онани, директорни қийнаб қўяман, дедим, лекин ҳоким имкониятдан келиб чиқиб қилиш керак, деяпти. Бу билан ҳокимни айбламоқчи эмасман, лекин ҳамма тўлаб беряпти. Қолган туманларникини ҳам кўрдим. Шунга битта директордан 100 минг сўм—100 минг сўм ташкил қилиб беринглар, майлими? Тушунарлими ҳаммага? Беринглар, 100 минг сўм—100 минг сўм билан йиқилиб қолмайди. Эртага мен ҳам 20 билан 21-мактабдан йиғдириб келаман», — дея қўшимча қилган Мирзоҳид Йўлдошев.