Самарқанднинг Нарпай туманида ўқитувчи-ходимлар Рамазон вақтида пайтида мактаб ҳожатхоналарини тозалашга жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Нарпай тумани Халқ таълими бўлими мудири Мирзоҳид Йўлдошев раислигида 12 май куни бўлиб ўтган йиғилиш аудиоси муштарийлар томонидан «Дарё»га тақдим этилди.

Йиғилишда тумандаги мактабларнинг қурилиш-таъмирлаши ишларига масъул методистлар ва бухгалтерия ходимлари қатнашган, унда мактабларда ҳожатхоналар ва ошхоналарни таъмирлаш ва қуриш ишлари қай даража кетаётгани муҳокама қилинган. Аудиоёзувда туман ХТБ раҳбари Мирзоҳид Йўлдошев қўл остидаги ходимларга бир неча бор қўпол сўзлар мурожаат қилганини эшитиш мумкин.

ХТБ раҳбари мактаб ошхоналари ва ҳожатхоналаридаги қурилиш ва таъмирлаш ишларини ходимлар керак бўлса ўз ҳисобида якунига етказиши кераклигини айтган. Сўров давомида 37-мактаб назоратчисига керак бўлса директор қурилиш ишларини ўз чўнтагидан амалга оширади деб таъкидлаган. Берган топшириғини бажармаган ходимлардан бирига унинг «кўзини ўйиш» билан таҳдид қилган; вазифаларни бажармаганларни прокуратурага топшириш билан қўрқитган.

У 22-мактабдаги ҳолатга тўхталиб, ходимларга «эртанинг ўзида бири болта, бири болға олиб» ҳожатхонани бузишни, бузишдан чиққан қурилиш материалларини бошқа мактабларга топширишни буюрган. «Эртага ҳамманг бориб бузасан. Эрталаб 6:00 дан шу ерда бўласан», — деган Мирзоҳид Йўлдошев.

Нарпай туманидаги 1-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

Йиғилишда 28- ва 42-мактабларда ўқитувчиларнин ўзи блок тераётгани намуна қилиб кўрсатилган. Мактабларда қилинаётган ишларни туман ҳокими келиб кўришини таъкидлаган Мирзоҳид Йўлдошев рўзадорлар рўзасини очиб келиб ишини давом эттириши мумкинлигини билдирган. «Рўза тутган ҳокимлик вакиллари ҳам келиб ишлаяпти. Улар рўзасини очиб яна ишини давом эттираяпти», — деган ХТБ мудири.

«Дарё» мухбирига маълум қилишларича, 2020 йил январь ойида Нарпайдаги бир неча мактаб директорлари ХТБ мудирининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан туман ҳокими Ботир Жабборовга мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳоким мудирнинг ишдан бўшашини талаб қилган, аммо мудир бошқа ишга ўтгунча ўз вазифасида вақтинча қолишни сўраган.

Нарпай туманидаги 10-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

«Мактаб ҳожатхоналарини таъмирланглар деб вилоят бўйича ҳеч ким топшириқ бермаган. Нарпай ҳокими ҳам ҳожатхоналарни таъмирлашни талаб қилмаган. Аксинча, ҳоким ХТБ мудиридан ишдан кетишни талаб қилгач, у ҳокимга яхши кўриниш учун ҳокимнинг номидан мактаб директорларига ҳожатхоналарни таъмирлаш бўйича ўзи топшириқ берган», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ходимлардан бири.

Қуйида Нарпай туманидаги 1, 10, 12, 16, 22, 25, 28-мактаблардаги ҳожатхоналарда мактаб ўқитувчи-ходимлари томонидан олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёни билан танишиш мумкин.

Нарпай туманидаги 12-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

Нарпай туманидаги 16-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

Нарпай туманидаги 22-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

Нарпай туманидаги 25-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»

Нарпай туманидаги 28-мактабда олиб борилган таъмирлаш ишларидан лавҳа.

Фото: «Дарё»