Ўзбекистонда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар — шапито, дорбозлар гуруҳлари ҳамда ҳайвонот боғлари пайдо бўлади. Бу ҳақда Президентнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Фото: ЎзА

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди.

Бироқ тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозим.

Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди.

Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киради (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно) ва уларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.

Шунингдек, ҳужжат билан «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасасининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, қўшимча равишда ҳайвонларни сақлаш хоналарини қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларини тўлиқ молиялаштириш вазифаси топширилган.

Қўшимча равишда ҳайвонларни сақлаш хоналарини қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини 2020 йил охирига қадар тўлиқ якунига етказиб, фойдаланишга топширилиш режалаштирилган.

Ҳар бир вилоятда очиладиган ҳайвонот боғлари ҳақида фармонда унча кўп маълумот берилмаган. «Gazeta.uz» ушбу масалада Маданият вазирлиги билан боғланганда улар барча вилоятларда кичикроқ ҳайвонот боғлари очилиши режалаштирилаётгани, кўчма циркларга ҳам ҳайвонлар жалб этилишини билдирган.

Вилоятларда ҳайвонот боғлари очилиши заруратини вазирлик ҳозирда бундай боғлар фақат Тошкент ва Самарқандда борлиги билан изоҳлаган. Қолаверса, циркда хизматини ўтаб бўлган ҳайвонлар айнан шу ерга юборилиши таъкидланган. Чунки уларнинг циркда умрбод қолиши кўзга тутилмаган.

Ҳужжат матни билан танишиб чиққан «Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти янги ҳайвонот боғлари яратиш ва цирк томошалари учун ҳайвонлар чиқишидан фойдаланиш режаларига қарши чиқди.

Улар цирк санъатини унда фақат одамлар — дорбозлар, акробатлар, ҳаво гимнастикачилари, фокус кўрсатувчилар, масхарабозлар ўз маҳоратларини намойиш этса, қўллаб-қувватланишини билдирган. «Лекин гап ҳайвонлардан фойдаланиш ҳақида кетса, биз бунга қатъий қаршимиз», — деб айган жамият аъзолари.

«Уларни сақлаш учун шароит қандай бўлишидан қатъи назар, бу ҳайвонлар учун табиий яшаш жойи эмас. Тор қафаслар, қўрқув, оғриқ, ўз табиий инстинктларини намоён этиш имкониятининг йўқлиги, яна ҳайвонлар соғлиғига психологик зарар етказадиган одамлар тўдаси», — дея таърифлаган улар цирк ҳайвонларининг сақланиш шароитини.

«Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳукуматни ҳайвонлар иштирокидаги томошаларга муқобил вариантни топишга чақирди.

Дунёнинг 45 дан ортиқ давлатларида циркда ҳайвонлар чиқишлари бекор қилинган. Улар орасида Австрия, Босния ва Герцеговина, Венгрия, Буюк Британия, Греция, Дания, Кипр, Италия, Мальта, Нидерландия, Словения, Руминия, Хорватия, Чехия, Швеция, Финляндия ва Эстония каби давлатлар бор.