Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев Бош прокуратурада ташкил этилган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Қарорга кўра, Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ваколатлари Омбудсманнинг ваколатлари билан тенглаштирилгани айтилди.

Жумладан, Омбудсманнинг ҳисоботи, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида эшитилса, эндиликда бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳам шундай ваколати бўлади. Шунингдек, худди Омбудсманники каби ҳудудлар, вилоятлар бўйича минтақавий вакиллари тайинланади.

Қарорга кўра, эндиликда Парламентга бирор идора томонидан ҳужжат киритилса ёки қонун лойиҳаси ўтказилса, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳам бола ҳуқуқлари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда бевосита ушбу лойиҳага ўз муносабатини билдиради, хулосасини беради.

Вакил Конституциявий суд ва бошқа судларга болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан мурожаат қилиш, тақдимнома ва илтимосномалар киритиш, ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузиш каби ваколатларга эга бўлади.

«Энг муҳими, мана шу қарорда белгиланган ҳамма ваколатлар энди ‘Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида’ги қонун лойиҳасига йил давомида ўзгартиришлар киритилиб, янги лойиҳа тайёрланади, парламентга киритилади. Қонунимиз мана шу ваколатлар киритилган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинади», — дейди Муҳаммадиев.

Омбудсман айни қарор мамлакатда бола ҳуқуқлари ва давлат раҳбарининг унга муносабати, эътиборини акс эттиришини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими 2019 йилнинг 22 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан жорий этилган. 2020 йилнинг 26 февралида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Алия Юнусова номзодини маъқуллаган.