Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор 29 май, жума куни соғайиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Соғайганларнинг барчаси эркак бўлиб, ёши каттаси 43, ёши кичиги эса 35 ёшда. Ҳудудлар кесимида олинса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида 2 нафардан, Самарқанд вилоятида 1 нафар бемор соғайган.

Қорақалпоғистонда шу пайтга қадар 133 та ҳолатда касаллик қайд этилган бўлса, уларнинг 122 нафари соғайган эди. Эндиликда коронавирус инфекциясидан фориғ бўлганлар сони 127 нафарга етди. Айни пайтда яна 6 нафар бермор касалхонада даволанмоқда.

Шундай қилиб, 29 май куни 34 нафар бемор тузалиб, Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2728 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса 29 май соат 16:45 ҳолатига кўра, 3468 нафарни ташкил қилмоқда. Уларнинг 14 нафари инфекция асоратлари оқибатида вафот этган. Беморларнинг 731 нафари даволанишда давом этмоқда.