Ўзбекистонда 2020 йил 29 май соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20 кишига кўпайиб, 3488 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 4 таси Самарқанд вилоятида аҳоли орасидан аниқланган. Шунингдек, 2020 йилнинг 25 майида Россия, 26 майда эса Қозоғистондан Қўнғирот туманидаги чегара пости орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келган 2 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси коронавирусга чалингани маълум бўлган.

«Коронавирус инфекцияси қайд этилиши билан боғлиқ бўлган бугунги яна 14 ҳолат 2020 йилнинг 25 майида Екатеринбург—Тошкент йўналишидаги чартер рейс билан юртимиздаги карантин марказига олиб келинган фуқаролар орасида аниқланди», — дейилади ССВ ахборотида.

Айни пайтда Ўзбекистонда 2728 (+34) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайди.

Аввал хабар берилганидек, тузалганларнинг 5 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, 7 нафари Самарқанд вилояти ҳамда 22 нафари Тошкент шаҳридан.

Ҳозирда мамлакатда 746 нафар бемор даволанмоқда.

Аввалроқ 29 май соат 16:45 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 5 кишига кўпайиб, 3468 нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган илк кундан буён 14 киши инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.