АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 28 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги администратори ёрдамчиси Глориа Стил иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев ва соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев иштирокида видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, Глориа Стил фақат Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида USAID йўналиши бўйича 120 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлади. 2020 йилда COVID-19 тарқалишига қарши кураш, жумладан, лаборатория базалари салоҳиятини кенгайтириш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун USAID Ўзбекистонга 3,8 миллион доллар ажратди.

Қайд этилишича, «Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш» лойиҳаси фермерларга мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишнинг замонавий усулларини жорий этишда ёрдам берди. Ушбу йўналишдаги муваффақиятли ҳамкорликни давом эттириш мақсадида USAID «Ўзбекистонда агробизнесни ривожлантириш» дастурини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, суҳбат чоғида савдони ривожлантириш, энергетика соҳасини модернизация қилиш, ўрта ва олий таълимни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, USAID коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга февральмарт ва апрель ойларида ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19’га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилди. Шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати USAID орқали COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиёда муҳожирларни ҳимоя қилиш учун 2 миллион доллар ажратишни режалаштирган.