VLT (Very Large Telescope) ёрдамида астрономлар Аравакаш юлдуз туркумида жойлашган AB юлдузи яқинидаги протопланетар дискнинг энг тиниқ суратларини олишга муваффақ бўлди. Суратларни синчиклаб текшириш орқали олимлар ушбу юлдуз яқинида шакллана бошлаган ва протопланетар диск моддасининг аккрецияси эвазига жадал йириклашиб бораётган массив протопланетани аниқлади. Тадқиқот натижалари Astronomy & Astrophysics журналида эълон қилинган бўлиб, унинг қисқача талқини Европа жанубий расадхонасининг сайтида ҳам келтириб ўтилган. «Дарё» мақолани таржима тариқасида тақдим этади.

Фото: «Eso.org»

Мавжуд илмий тахминларга кўра, протопланетар дискда сайёраларнинг шаклланиши миллионлаб йиллар мобайнида давом этади ва гравитацион ҳамда гидродинамик жараёнлар оқибатидан юзага келадиган диск асимметрияси, ҳалқа ва спирал шаклларининг юзага келиши сингари турли хил структураларнинг кузатилиши орқали намоён бўлади. Моделлаштириш шуни кўрсатмоқдаки, сайёра шаклланишининг илк босқичларида диск ва сайёранинг ўзаро таъсирлари юзага келтирадиган Линдблад резонанси туфайли диск моддасининг ядрога аккрецияланиши натижасида ички ва ташқи спирал структуралар ҳосил бўлади. Бу ҳодиса пухта назарий асосланган бўлса-да, у жуда кам сонли кузатув маълумотлари билан тасдиқланган ва улар ҳам, одатда, унчалик ишончли бўлмаган.

Аравакаш AB системаси астрономлар учун йирик сайёраларнинг шаклланиш механизмларини ўрганиш борасида жуда ҳам ноёб ва муҳим объект саналади. Ёши, тахминан, икки-тўрт миллион йил атрофида бўлган ушбу ёш митти юлдуз Xerbiga Ae туридаги юлдузлар синфига мансуб бўлиб, у Қуёшдан 520 ёруғлик йили масофасида жойлашган. У газ ва чангдан иборат жуда катта ўлчамли (бир неча юз астрономик бирликка тенг) протопланетар дискка эга бўлиб, уни яқин бир неча ўн йилликлардан бери оптик диапазонда ва яқин инфрақизил диапазонда ҳамда миллиметрли диапазонларда кузатиб келинмоқда.

Кузатишлар натижасида дискнинг ички қисмида иккита спиралсимон тармоқлар аниқланган ва буларни юлдуздан 30 ва 60-80 астрономик бирлик масофада жойлашган сайёралар томонидан юзага келтирилган деб тахмин қилинади. Шунингдек, мазкур протопланетар дискда бўшлиқ ҳудуди ҳам аниқланган бўлиб, у ҳам дискда муайян катта жисм шаклланаётганига ишора қилади.

Париж расадхонаси астрономи бўлмиш Энтони Боккалетти (Anthony Boccaletti) бошчилигидаги илмий гуруҳ Аравакаш AB юлдуз тизимининг энг тиниқ тасвирини олиш вазифасини ўз олдига қўйган эди ва бу мақсадда улар Чилидаги VLT комплексида ўрнатилган телескоплардан биридаги SPHERE тўлқин қабул қилгич қурилмасидан фойдаланган. Ушбу қурилма она-юлдуз нурларини тўсган ҳолда унинг яқинида жойлашган экзосайёраларнинг, шунингдек, протопланетар дискларнинг ҳам энг тиниқ тасвирини катта аниқликда тўғридан-тўғри олиш имкониятига эга. Аравакаш AB юлдузини поляриметрик ва спектроскопик кузатиш ишлари 2019 йилнинг декабри ва 2020 йилнинг январь ойларида олиб борилган.

Кузатишлар натижасида Аравакаш AB юлдузи яқинидаги протопланетар дискнинг бугунги кундаги энг аниқ ва тиниқ тасвирлари олинган. Олимлар бу тасвирларни таҳлил қилиш орқали дискда ҳақиқатан ҳам спирал тармоқлар мавжудлигини кўрди ва диск ичкари қисмидан тарқалаётган нурланишларни қайд қилди. Бундан ташқари, бири ичкари тарафга ва иккинчиси ташқари тарафга йўналган тарзда тармоқланаётган спирал тармоқларнинг туташув нуқтаси ҳам топилган. Ушбу нуқтада эса Юпитер массасидан, тахминан, 4-13 баробар катта массага эга бўлган ва диск моддасининг аккрецияси туфайли жадал йириклашишда давом этаётган протопланета мавжудлиги тахмин қилинмоқда. Кейинги кузатувлар ўсаётган экзосайёранинг параметрларини янада аниқ баҳолашга ва дискдаги газ оқимлари динамикасини тушунишга ёрдам бериши керак.

Қуйида жараёнга оид икки дақиқалик видео-тақдимотни кўришингиз мумкин: