Республика махсус комиссиясининг қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.
Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:
«Қизил» ҳудудларда:
- риэлторлик фаолияти;
- реклама ва маркетинг фаолияти.
«Сариқ» ҳудудларда «қизил» ҳудудларга қўшимча равишда:
- автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти (бунда назарий машғулотлар масофадан туриб (онлайн) ўқитиш орқали амалга оширилиши, амалий машғулотлар эса санитария талабларига қатъий риоя қилган, шу жумладан, тиббий ниқоб, тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳамда автотранспорт воситаларини дезинфекция қилган ҳолда ташкил қилиниши лозим);
- давлат ташкилотларида аутсорсинг асосида овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти.
«Яшил» ҳудудларда «сариқ» ҳудудларга қўшимча равишда:
- санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолияти (хостеллар бундан мустасно);
- спорт сексиялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти;
- оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш.
Бунда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.
Ўз навбатида карантин даврида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларини бузган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 8 майдан эътиборан, «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиб чиқилган эди. 15 майдан барча тоифалардаги ҳудудларда айрим карантин чекловлари янада юмшатилган. 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сонининг ортишини жойларда назорат сусайгани билан боғланганди. Шунингдек, Президент ҳали карантин тугамаганига алоҳида урғу берган эди.