Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилгани, гумонланувчи кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлганлиги муносабати билан эҳтиёт чораси сифати туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Гумонланиш ўз тасдиғини топгунга қадар карантин талаблари кескин кучайтирилиб, кириш-чиқиш йўллари тўсилди. Автотранспорт ва пиёда ҳаракатланиши қатъий назоратга олинди.

«Ҳурматли воҳамиз аҳли, вилоятимиз ҳокими Зоир Мирзаев ҳам бир неча бор сиз азизларга мурожаат билан чиқиб, барча ҳудудлар учун белгиланган карантин қоидалари, хусусан, кўчада ниқобда бўлиш, жамоат жойларида масофа сақлаш, дезинфекция, шахсий гигиена сингари бир қатор қоидаларга ‘яшил’ ҳудудда ҳам амал қилиш кераклигини унутманг, дея таъкидлашларига қарамасдан мақсадсиз кўчада юриш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Эркинлик ва имтиёзларни қадрига борида етайлик!», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Тошкент вилоятининг Паркент, Самарқанднинг Тойлоқ туманларига кириш-чиқиш тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси 30 май куни Ўзбекистоннинг туман ва шаҳарлари кесимида карантин даражасини қайта кўриб чиқди. Ўзбекистонда карантин 15 июнгача узайтирилди, «яшил» ҳудудларда тўй-маърака ўтказишга рухсат берилди.