«Habr.com» сайтида коронавирус пандемиясидан кейин қайси технологиялар ва соҳаларнинг шиддатли ривожланиши бошланишига оид таҳлилий мақола эълон қилинди. «Дарё» мақола таржимасини тақдим қилади.

Вирус ва аҳолининг оммавий равишда ўз-ўзини чеклаши туфайли тиббиёт, бизнес, ижтимоий ҳаёт ва ҳоказоларнинг жуда турли туман соҳаларида мажбурий равишдаги рақамлаштириш юзага келди. Янги талабларга мослаша олмаган айрим соҳалар тезлик билан барбод бўлмоқда. Яна айримлари эса камомадлар билан бўлса ҳам мувозанатни сақлаб турибди ва яна муайян қисми эса ўсиб, ривожланмоқда ҳам.

Фото: Google Photos

Дунё энди аввалгидек бўлмаслиги ҳақида фикр айтаётган экспертларнинг овозлари тобора баланд янграмоқда. Ҳатто барчаси изига тушиб кетганидан кейин ҳам биз энди тамомила бошқача тарзда – янада технологик ва мобиллашган ўзига хос шароитларда яшай бошлаймиз. Мақолада айнан технологиялар ҳақида фикр юритиб кўрмоқчимиз. Таъбир жоиз бўлса, яқин келажак учун бизнинг IT ҳаётимиз қандай бўлишини тахмин қиламиз.

Демак, ким ва нима «илғор» бўлади?

Масофадан ишлаш ва онлайн-йиғилишлар

Аниқки, уйдан туриб ишлашни истовчилар сони кўпаяди. Гап фриланс ҳақида эмас, айнан масофадан ишлаш борасида кетмоқда. Авваллари кўпчилик ўзи ва раҳбарлари онгидаги стереотиплар ва қўрқув туфайли бунга журъат қила олмас эди. Мажбуран масофадан ишлашга ўтиш сабабли ходимлар ҳам, раҳбарлар ҳам бундай форматнинг ижобий ва салбий тарафларини амалда ҳис қилиб кўрди. Албатта, бу нарса ёқмаганлар ҳам бор. Лекин кўпчиликка бундай ўзгаришлар маъқул келди. Транспорт ва кафе-ошхоналарда овқатланиш харажатларининг тежаш имкони ҳамда аввал ишгача ва ишдан уйгача етиб олиш учун кетган вақтнинг эндиликда одамнинг ўзи учун «ортиб» қолиши сингари омиллар, келгусида ҳам масофадан ишлаш форматининг сақлаб қолиниши учун муҳим важ бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, жуда кўпчилик учун мажлис, йиғилиш ва учрашувларни видеоалоқа орқали ўтказишнинг қанчалик қулай экани ўзига хос кашфиёт бўлди. Ҳамма жойда ҳам эмас-у, лекин кўп жойда бундай нарсалар қисқароқ ва камроқ ўтказиладиган бўлди. Фақат иш бўйича гаплашиляпти ва муҳим масалаларгина муҳокама қилинмоқда. Коммуникация бироз мураккаблашгани сабабли жамоа вакиллари мустақиллашмоқда. Майда-чуйдалар учун ҳам йиғилиш ташкил қилишга энг камида виждон йўл қўймаётир. Ходимлар билан шахсан «гаплашиб қўйиш»га одатланиб қолган раҳбарларга бироз «жабр» бўлди. Лекин улар учун ҳам Zoom ва бошқа яна кўплаб сервислар мавжуд.

Айтганча, Zoom, Hangouts ва бошқа видеоконференция сервислари ҳозирда трендда. Хавфсизлик борасидаги камчиликлари учун (масалан, ижтимоий тармоқларга маълумот узатишдаги шифрлашнинг йўқлиги сабабли) улар кўп танқид қилинган бўлса-да, лекин муқобил вариантлар йўқлиги боис фойдаланишда давом этишганди. Ушбу сервислар хатоларни эътиборга олди ва бартараф қилиб борди, ҳозирда эса янгича фишкалар ўйлаб топиб, уларни фаол монетизация қилиш орқали жадал ўсиб бориляпти. Боз устига, видеоконференция сервисларига талаб энди амалдорлар тарафидан ҳам бор. Улар ҳам ўз кабинетларида изоляцияланган ҳолда фаол видеомулоқот қилмоқда.

VDI, SaaS

Башарти компаниялар онлайн ишлашга ўтар экан, унда уларга ходимларнинг корпоратив маълумотлар билан ишлашида маълумотлар хавфсизлигини таъминловчи технологиялар керак бўлади. Бозорда аввалдан мавжуд бўлган VDI вa SaaS бу борада жуда оммабоп бўлиб чиқди. Улар ёрдамида ҳар бир ходимга тўлиқ созланган корпоратив дастурий таъминотга эга компьютерни бир кун ичида тақдим қилиши мумкин. Бу орқали эса ҳамма уйидан туриб, ўзига қулай ва таниш бўлган иш столига ҳамда корпоратив маълумотлар манбасига эга бўлади. Албатта, VPN орқали.

Фото: Google Photos

Шунингдек, яна бир вариант сифатида ҳар бир ходимга VDI созламаларига эга ноутбук ёки планшет бериш мумкин. Шахсий иш майдони, яхши ишчанлик (айниқса, «оғир» файллар ишлаганда бу муҳим), керакли иш жойлари сонини тезкор қўшиш имконияти ҳамда хавфсизликнинг юқори даражаси бу – ҳақиқатан ҳам жуда муҳим бўлган нарсалардир. ВДИ нинг яна бир афзаллик тарафи шундаки, у IT-бўлимидагиларнинг иш юкламасининг бир қисмидан халос қилади. Ҳозирда уларга шундоқ ҳам осон эмас ва VDI вa SaaS сингари технологияларнинг жорий этилиши фақат ижобий самара келтиради.

Ҳозирда мазкур технологияларга талаб юқори экани сабабли уларнинг янги хизматлар билан тўлдирилган ҳолда, бошқачароқ пакетда тақдим қилина бошлашини кутиш мумкин. Ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу технологиялардан давлат муассасаларидан бошлаб кичикроқ тижорат ташкилотларигача бўлган турли даражадаги компаниялар фойдаланмоқда. Ва COVID-19 муаммоси ҳал қилиниб, ваҳима тўлқинлари ўтиб кетганидан кейин ҳам энди бу ташкилотлар аввалги иш формати ва режимга дарҳол қайтиб олади деб ишониш қийин. Яъни карантиндан кейин ҳам буларга талаб юқорилигича қолади. Табиийки, бу соҳа ўсишдан тўхтаб қолмайди.

Миқёслашишнинг кескин сакраши

Аниқки, IT-инфраструктурани тезкор масштаблаш имконини берувчи ечимларга бўлган талаб ҳам кескин ортади. Сервис ва ресурслардан фойдаланишнинг чекланиб қолиши билан боғлиқ муаммолар ҳеч кимга ёқмайди, албатта. Шу туфайли ресурсларга доимий, узлуксиз боғланиш имконини берувчи таклифларнинг ҳам сони ортишини кутиш мумкин. Шунингдек, муайян ечимларнинг осон масштабланишини таъминлашга оид талаблар ҳам ортади. Шунингдек, булут технологияларининг ҳам.

Мултибулут ва гибридлар

Айтганча, булут ҳақида. Ҳозирда бу соҳада иш юритадиган бизнес вазиятдан унумли фойдаланмоқда ва мижозларни суперқулай таклифлар билан жалб қолиб оляпти. Узоқ муддатли истиқболда компанияларнинг мажбурий равишда барибир булут муҳитига ўтишидан ушбу платформалар ҳақидаги билим даражасининг ҳам ўсишига олиб келади. Албатта, одамлар булут технологияларидан фойдаланишда янада журъатлироқ бўлиб боришади ва бир вақтнинг ўзида ўз хизматларини таклиф қилаётган компанияларнинг турли сервисларидаги турли афзалликларидан фойдаланишга ўтишади. Яъни гибрид ёки мултибулут стратегиясини таклиф қилувчи компаниялар сони ҳам ортади. Бу шунчаки қулай бўлган учун ҳам у бўйича таклифлар кўпаяди. Демак, булут провайдерлари қўлларини бир-бирига ишқалаб, пайт пойлашлари мумкин.

Нега шунчаки булут эмас, балки гибрид мултибулут? Бу ишончлиликни ва хавфсизликни орттириш учун. Агар булут сервисларидан бири тасодифан ишламай қолса, унда бошқаси билан ишлашда давом этиш мумкин бўлади. Шу тариқа маълумотларга, ресурсларга боғланиш имконияти ва фавқулодда ҳолат юзага келганда ахборотларнинг сақланиши кафолатланади.

Ақлли тизимлар, буюмлар интернети

Кўплаб мамлакатларда, жамоат жойларида одамларнинг юзини танийдиган технологиялар аллақачон қўлланилмоқда. Айрим мамлакатларда эса касалликни потенциал ташувчиси бўлиши мумкин бўлган одамларни «тутиш» системасини ҳам синаб кўришди. Бу ўринда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ кўплаб саволлар юзага келади, лекин бу борада биров одамлардан сўраб ўтирармиди? Ва ўзи умуман олганда, кўпчилик таклиф қилинаётган хавфсизлик кафолати эвазига ўзининг фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликлари билан муросага боришга тайёр.

Фото: Google Photos

Эҳтимол, мавжуд видеокузатув тизимларини янги қурилмалар билан тўлдириш ёки функсионалини ўзгартириш орқали келажакда юз берадиган эпидемияларнинг эҳтимолий оқибатларини юмшатиш мумкин бўлар? Одамлар кўп тўпланадиган жойларни кузатиб борадиган янги интеллектуал системалар пайдо бўлади ва улар потенциал хатарларни аниқлайди. Умуман олганда, «ақлли шаҳар», компьютер назари, IoT(буюмлар интернети) сингарилар ривожланиш учун яхши туртки олди. Ва аниқки, келгусида ушбу технологияларга талаб кучли бўлади.

Онлайн таълим

Мактаблар, боғчалар, университетлар ва бошқа таълим муассасалари ҳозирда масофадан ўқитишмоқда. Қийин албатта. Педагоглар ноодатий формат туфайли юкламанинг ортганини айтишмоқда. Бироқ эрта ёшларда таълимни барибир жамоа кўринишида ўтказиш яхшироқ бўлса (ижтимоийлашиш, мослашув ва ҳоказо), катта ёшдаги ўқувчи ва талабалар учун интернет орқали ўқитиш қулайроқ бўлиши мумкин. Албатта, интернет орқали ўқитишни айнан қаерларда қўллаш кераклиги борасида баҳслашиш мумкин. Тушунарлики, чилангарлик ишига видеоалоқа орқали ўргата олмайсиз. Лекин хорижий тиллар, дизайн, дастурлаш сингариларни албатта ўқитиш мумкин.

Ўйлашимизча, базавий таълим дастурини тўлдириш учун хизмат қиладиган онлайн курслар кўпайишини кутиш мумкин, шунингдек, классик усулдаги таълимга муқобил сифатида таклиф қилинадиган онлайн курслар ҳам кўпаяди. Эҳтимол, анъанавий таълим тизими ҳам модернизацияланиб, мисол учун, мактаб ўқувчилари санъат, тарих, физика, астрономия сингарилардан таниқли олимнинг маърузаларини видеоалоқа орқали тинглашар. Бу ёзиб олинган маъруза бўладими ёки реал вақтдаги видеомулоқот тарзида бўладими, буниси унчалик муҳим эмас. Муҳими, аввал жуда кам учрашилганди. Энди тез-тез учрашилади.

Квант компьютерлари, глобал ҳисоблаш тизимлари

Эҳтимол сиз, оддий одамлар томонидан коронавирусга қарши кураш учун тузилган кўнгиллилар тармоғи, дунёдаги энг кучли суперкомпьютердан ҳам қудратлироқ бўлиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган бўлсангиз керак. Албатта, аввал ҳам бунга ўхшаш бирдамлик лойиҳалари юзага келган эди, лекин бу сафар ҳақиқатан ҳам ҳаммаси глобал тус олди. Агар пандемия билан курашда бу нарса ҳақиқатан ҳам ёрдам берса, унда кейинчалик бутун дунёдаги компьютерларнинг қувватини умумлаштирган ҳолда муайян маҳаллий муаммоларни ечиш учун бирлаштирадиган глобал дастурий таъминот воситаларини яратиш истиқболлари очилади. Бундай глобал ҳисоблаш системаларининг потенциали анчайин катта.

Квант компьютерлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳисоблаш тезлигини сезиларли орттиришга қодир бўлган квант қурилмаларини ишлаб чиқиш йўналишига пул тикишни истовчи корпорациялар ва ташкилотлар, ҳатто ҳукуматлар сони ҳозирнинг ўзида анча ортган. Ва агар аввал бу йўналишда фақат IBM, Intel, HPE, Microsoft, NVIDIA вa AMD шуғулланган бўлса, ҳозирда бу борада иш бошлаган янги номлар ҳам қулоққа чалинмоқда. Квант компьютерларидан наф бўладими? Ҳа, агар тўғри йўналтирилса. Квант ҳисоблашлари ҳаммаёққа татбиқ қилиниши мумкин бўлган универсиал нарса бўлмаса ҳам, лекин улар суперкомпьютерларнинг кучи етмайдиган нисбатан йирик муаммоларни еча олади.

Саноатнинг ривожланиши

Хитойда ишлаб чиқаришлар тўхтаб қолиши билан ҳаммани ҳиқичоқ тутиб қолди. Деярли барча товарлар (электроника, тиббиёт буюмлари, кийим-бош) Хитойда ишлаб чиқарилади. Ҳозирги таназзул оқибатида ишлаб чиқарувчилар хатарларни қайта кўриб чиқишади ва ўз завод-фабрикаларини жойлаштириш учун янги жойларни қидира бошлайди. Эҳтимол, кимдир ўз мамлакатига қайтади ёки Ҳиндистонга, Малайзияга, Индонезияга кўчиб ўтади. Ҳамма нарсани битта жойда сақлаш хатарли экан ва ишлаб чиқарувчилар бунга яна бир бора амин бўлди.

Ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзи ҳам ўзгаришларга юз тутади. Ишлаб чиқаришни роботлаштириш даражаси ортади. Ишлаб чиқариш жараёнида қанча одам кам иштирок этса, навбатдаги эпидемия туфайли ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиш хатари ҳам шунча кам бўлади. Корхонани масофадан бошқариш технологиялари ҳам янада қулайлашади.

Қизиғи шундаки, одатда, бизнес жараёнларини тўхтаб қолишидан хавфсираш масаласи идорада ўтириб ишлайдиган ходимларнинг фаолиятини белгилар эди. Пандемиядан аввал опен спаcе усулида ишлаш урфда эди ва унда битта аксирган ходим барча ҳамкасбларига касаллик юқтириши мумкин эди. Эҳтимол энди гигиена талаблари нуқтаи назарида ҳамда патоген микроорганизмларни тезкор тарқалишининг олдини олиш мақсадида кабинетда ўтириб ишлаш форматига қайтилиши мумкин.

Эҳтимол биз ниманидир кўздан қочирган бўлишимиз мумкин. Сиз қандай ўзгаришларни кутмоқдасиз? Буни билиш қизиқ бўларди.