Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, 29 нафарга ошди ва 3702 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 22 таси карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган. Улардан 20 нафари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан чартер рейс билан келган, 2 нафари эса коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган. Шунингдек, янги касалланганларнинг 6 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, 1 нафари эса Самарқанд вилоятида карантинда бўлган фуқарода аниқланган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 2859 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро соғайди.

Аввалроқ 1 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, яна 11 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, COVID-19’ни юқтириб олганларнинг умумий сони 3673 нафарга етгани ҳақида хабар қилинганди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 15 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.