Актриса Зарина Низомиддинова иккинчи марта оналик бахтига сазовор бўлди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

«Ассалому алайкум, саҳифамнинг мен учун қадрли бўлган аъзолари! Кеча ўзим тўғримда, Россия кинематографини забт этиш учун севимли ватаним — Ўзбекистонни тарк этди, деган хабар эшитдим. Албатта, касбимиздаги янги марралар ва ютуқларни ният қиламиз, яхши ният — ярим мол, лекин айни вақтда мен бундан-да, муҳимроқ лойиҳа устида ишлаяпман. Мен иккинчи бор она бўлдим ва ушбу касбни яна бошидан ўзлаштиряпман. Яқин кунларда бор истеъдодим ва маҳоратимни кичкинтой паҳлавонимни парвариши учун бағишлайман. Ахир, энг масъулиятли ва мураккаб касб — оналик касби, деб бекорга айтишмаган! Оллоҳ барча оналарни ўз паноҳида асрасин!», — деб ёзади актриса. 

Маълумот учун, Зарина Низомиддинованинг биринчи турмушидан Темурхон исмли ўғли бор.

Фото: Instagram / @zarinanizomutdinova

Зарина Низомиддинова 1989 йилнинг 29 мартида Тошкент шаҳрида санъаткор Шаҳбоз Низомиддинов хонадонида таваллуд топган. У карьерасини 2005 йилда суратга олинган «Аёл макри» фильмидаги иштироки билан бошлаган.

Актриса жуда ёш оила қурган. У интервьюларидан бирида биринчи турмуш ўртоғи унинг «Ромео ва Жулетта» фильмидаги образини кўриб, севиб қолгани ҳамда турмушга чиқишни таклиф қилганини айтганди. Зарина илк бор 19 ёшида она бўлган.

Актриса 2014 йилда иккинчи марта турмуш қурган. Унинг бу турмуши 2015 йилгача давом этган.

Зарина Низомиддинова 2016 йилда берган интервьюсида яна турмуш қуриш нияти борлигини айтиб ўтганди. Кейинроқ яна бир суҳбатда актриса эрта турмуш қурганидан афсусланишини билдирган.

Актриса бир муддат тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланган. У кийимлар дўконини очиб, бироздан сўнг дўкони ёпилганини айтган.