Ўзбекистонда 1 июнь, душанба куни 79 кишида коронавирус қайд этилди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг 58 нафари карантин муассасаларидаги фуқароларда аниқланган. Улардан 46 нафари Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон шаҳарлари ва Қозоғистондан келган бўлса, 12 нафари Тошкент шаҳри (10 нафар), Наманган (1) ва Самарқанд (1) вилоятларида карантинда сақланган.

1 июнь куни коронавирус билан касалланганлиги аниқланган 6 киши халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиларидир.

Шунингдек, аҳоли орасида 15 кишида коронавирус қайд этилган бўлиб, улардан 13 нафари Тошкент шаҳрида, бир нафардан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида аниқланган.

Коронавирусдан соғайиш ҳолатлари

1 июнь давомида 22 нафар коронавирусга чалинган бемор соғайди. Жумладан, 11 нафари Самарқанд вилоятидаги, 10 нафари Тошкент шаҳридаги, 1 нафари эса Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан соғайиб чиқди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 3702 нафар бемордан 2859 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 77 фоизни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Андижонда 2 нафар, Қорақалпоғистонда эса 6 нафар бемор қолди.

Энг кўп беморлар Тошкент шаҳри (586 нафар), Навоий (145 нафар) ва Самарқанд вилоятида (69 нафар) бўлиб турибди. Касалликдан соғайиш кўрсаткичи бўйича энг ёмон вазият Навоийда деса ҳам бўлади, бу ерда касалланганларнинг 8 фоизи тузалишга муваффақ бўлган.

Аҳволи оғир беморлар

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 828 нафар бемордан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 15 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.