АҚШ президент Дональд Трамп мамлакат ичида содир бўлаётган тартибсизликларни ички террорчилик деб атади. Президентнинг оммавий норозилик намойиши сабаб фуқароларга йўллаган мурожаати Оқ уйнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Трампнинг сўзларига кўра, Вашингтонда намойишчилар полиция участкасини эгаллаб олган ва черковни ёқиб юборган, Линкольн ва Иккинчи жаҳон уруши мемориаллари эса вандализмга учраган. Шунингдек, бир неча киши ўлдирилган.

«Бу тинчлик акти эмас, бу ички террорчилик акти. Бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилиши ва бегуноҳ қонларнинг тўкилиши — инсоният ва Худога қарши жиноят», — дейди Трамп.

Аввалроқ Трамп «Антифа» ҳаракатини террорчилик ташкилоти деб тан олишга ваъда берганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга олиб келаётган норозилик намойиши 25 май куни Миннеаполисда полиция томонидан қўлга олинган 46 ёшли афро-америкалик Жорж Флойд вафот этганидан сўнг бошланди. АҚШнинг 25 та шаҳрида оммавий норозиликлар сабаб комендантлик соати эълон қилинган.