АҚШ президенти Дональд Трамп губернаторларни кучсиз деб атаб, уларни полиция зўравонлигига қарши ўтказилаётган норозилик намойиш иштирокчиларига нисбатан қаттиқроқ туришга чақирди, деб хабар беради Associated Press.

Фото: AP Photo

Президент минтақа раҳбарларини норозилик намойишларини бостиришда Миллий гвардия кучларидан фойдаланишга чақирди. Трамп бу ишни қилмаётган губернаторларни «тўнка» деб атаган. АҚШ президенти Нью-Йорк, Филадельфия ва Лос-Анжелесдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши кескин чоралар кўришни таклиф этган.

«Сизлар одамларни ҳибсга олишингиз, таъқиб қилишингиз, уларни 10 йилга қамоққа тиқишингиз керак ва шундан сўнг ҳеч қачон бу каби ярамасликка дуч келмайсиз», — дейди Трамп. Унинг сўзларига кўра, губернаторлар бу ишларни амалга оширмаса, аҳмоқ каби кўринади.

Эслатиб ўтамиз, Миннеаполис шаҳри полицияси вакили 25 май куни 46 ёшли афро-америкалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида уни тутиб, ерга ётқизган ва тиззаси билан бўйнини босган. Полициячи уни шу тариқа узоқ вақт ушлаб туриши Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, АҚШнинг турли ҳудудларида норозилик намойишлари бошланган. АҚШнинг 25 та шаҳрида оммавий норозиликлар сабаб комендантлик соати эълон қилинди. Дональд Трамп Оқ уй қаршисида содир бўлган норозилик намойиши вақтида ерости бункерига беркингани маълум бўлди.