АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэйнинг маълум қилишича, АҚШда тизимли ирқчилик мавжуд, одамларнинг умумий тенглиги мавжуд эмас. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «РБК»

«Бу мамлакатда институционал ирқчилик мавжуд, барча одамлар учун тенглик йўқ. Ўйлашимча, бунга шубҳа йўқ», — дея маълум қилган Конуэй. У мазкур гапларни Миннеаполисда юз берган афро-америкалик Жорж Флойднинг ўлими билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериш вақтида айтган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп доимий равишда мазкур муаммони йўқ қилиш устида ишламоқда, бироқ ирқчилик «кўплаб одамларнинг юрагида» мавжуд.

Президент маслаҳатчиси Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган Миннеаполисдаги полициянинг ҳаракатини қоралаган. «АҚШ Адлия вазирлиги Флойднинг ўлими юзасидан федерал даражада тергов бошлаганидан хурсандман. Кўрамиз, бундан нима чиқади», — дея таъкидлаган Оқ уй вакили.

АҚШдаги оммавий намойишлар ва тартибсизликлар 25 май куни Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг бошланди. Эркакнинг ўлимига уни қўлга олиш чоғида полициячи томонидан унинг бўйни тизза билан босиб турилгани сабаб бўлган.

Норозилик акциялари бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб шаҳарларни қамраб олди, улардан 40 тасида комендантлик соати жорий қилинди. Тартибсизликлар қатнашчилари ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳат олди ва вафот этди. Намойишларни бостириш учун АҚШ Миллий гвардияси қўшинлари жалб қилинди.