Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон Президенти томонидан ЯИМни 2 фоизга ва ундан сал кўпроқ ўстириш вазифаси қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда у «Ахборот 24» каналига берган интервьюсида сўзлаб берган.

«Бугунги вазиятда молиявий ва бюджет барқарорлиги бор. Президентнинг ўзлари бюджет барқарорлигини, даромадлар тушишини назоратда ушлаганлари сабабли бугун бюджетнинг ҳамма мажбуриятлари аҳоли олдида ҳам, ташкилотлар олдида ҳам бажариб келинмоқда», — дейди Жамшид Қўчқоров.

Шунингдек, бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, саноат ўсишини 3,5 фоизга ошириш белгиланган. Бу, аввало, карантин пайтида тўхтаб қолган фаолиятини йўлга қўйиш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш, фоизларни кўриб чиқиш ҳисобидан амалга оширилади.

«Яқин кунларда Марказий банк бошқаруви кенгаши бу қарорни қабул қилади. Президент Марказий банк таклифини маъқуллаган. Фоизлар бирмунча пасайишини кўрамиз», — дейди Қўчқоров.

Таъкидланишича, шу каби омиллар саноатни 3,5 фоизга ўстириш имконини беради. Маълумотларга кўра, Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 11 июнга белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда охирги марта 14 апрелда асосий ставка йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди.