Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 20 нафар ҳамда Навоий вилоятида 8 нафар, жами 28 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

10 июнь куни Тошкент шаҳрида бир йўла 49 нафар бемор COVID-19 инфекциясидан фориғ бўлди. Улар орасида бир нафар тожикистонлик 40 ёшли бемор ҳам бор.

Шу тариқа Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар тузалганлар сони 1592 нафарга етиб, даволанаётган беморлар сони 847 нафарни ташкил этмоқда.

Навоий вилоятида 10 июнь куни 8 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг умумий сони 150 нафарга етди. Вилоятда 92 нафар беморни ушбу инфекциядан даволаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 10 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра 4591 нафарга етган. Касалликдан соғайганлар эса жами 3532 нафарни ташкил қилмоқда. Вирус асоратларидан 18 киши вафот этган.