Ўзбекистонда 10 июнь соат 23:00 дан 11 июнь 23:00 гача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 118 та ҳолат қайд этилди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Қайд этилган янги касалланиш ҳолатларининг

  • 70 таси карантин муассасаларида;
  • 39 таси аҳоли орасида (шундан 18 таси Навоий вилоятида, Тошкент шаҳрида 17 та, Наманган вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 1 та);
  • 9 таси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида 4 та, Сирдарёда 3 та, Қорақалпоғистонда 2 та) аниқланган.

Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг 28 нафар ишчисида коронавирус инфекцияси қайд этилган. ССВ ахборотида кўра, улар карантин муассасасида бўлган.

Аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳали ҳамон юқори бўлиб турибди. 11 июнда бу борада охирги уч кундаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Аҳоли орасида 9 июнь куни 25, 10 июнь куни 27 кишида коронавирус аниқланганди.

Навоий вилоятида бир кун аввал бирорта ҳам янги касалланиш ҳолати қайд этилмаганди, 11 июнда эса бир йўла аҳоли орасида 18 та касалликка чалиниш ҳолати қайд этилди. Ушбу вилоятда икки кун аввал ҳам аҳоли орасида касаллик юқтириб олиш билан боғлиқ 13 та ҳолат аниқланганди.

Тошкент шаҳри эса 10 июнни ҳисобга олмаса, аҳоли орасида янги касалланганлар сони сўнгги кунларда 10 нафардан ошиқ бўлмоқда (10 июнда 7 та, 9 июнда 11 та, 8 июнда 54 та, 7 июнда 195 та). 11 июнь куни ҳам 17 кишида коронавирус аниқланди. Улардан 2 нафари Юнусобод бозоридаги сотувчилардир.

Қорақалпоғистонда 4 июндан буён коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолат қайд этилмаётганди. 11 июнь куни икки нафар халқаро юк машинаси ҳайдовчисида коронавирус аниқланди. Қорақалпоғистонда 4 июнь ва 29 май куни қайд этилган ҳолатлар ҳам халқаро юк машинаси ҳайдовчиларида аниқланганди.

Коронавирусдан даволаниш

11 июнь давомида 105 нафар фуқаро коронавирус инфекциясидан соғайди. Улардан 78 нафари Тошкент шаҳридаги, 17 нафари Навоий вилоятидаги, 9 нафари Самарқанд вилоятидаги, 1 нафари Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларида даволаниб чиқди.

Маълумот ўрнида, ЖиззахСурхондарё  ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Андижон (4 нафар бемор) ва Қорақалпоғистон (4 нафар бемор) ҳам коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди. Бухорода 11, Хоразмда 14, Наманганда 15 нафар бемор қолди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4741 нафар бемордан 3637 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 8 июндан бери ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳудудлар бўйича энг ёмон кўрсаткич Қашқадарёга тегишли бўлиб турибди — 15 фоиз. 5 июнгача «яшил» ҳудуд бўлган Қашқадарёда 40 нафар бемордан 6 нафари даволанган.

Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги беморлар Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Энг кўп бемор ҳозир айнан Тошкент шаҳрида (865 киши) бўлиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳрида бу борадаги кўрсаткич бир кун аввал 64 фоиз эди. Айни дамда Ўзбекистоннинг тўққиз ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони 1085 нафарга тенг.

Аҳволи оғир беморлар

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1085 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. ССВнинг 11 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра берган ахбороти билан таққосланса, аҳволи ўта оғир беморлар бир нафарга кўпайган. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 8, аҳволи ўта оғир бемор 1 нафарни ташкил этаётганди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.

Карантиндагилар

Шу кунгача жами 458 539 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 411 033 нафари карантиндан чиқарилган. Бир кун ичида карантинга олинганлар сони 4420 нафарга, карантиндан чиқарилганлар 3683 нафарга кўпайди.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 23 923 нафар, стационар карантинда эса 23 583 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.