«Севги», «Аёллар салтанати», «Ёдгор» фильмларидаги образлари билан танилган актриса Камола Умархўжаева журналист Жасур Ҳамроевга интервью берди. Ушбу суҳбат чоғида актриса айни пайтда қаерда яшаётгани, нима иш билан бандлиги ҳақида сўзлаб берди.

«Ёдгор» фильмида актриса марҳум актёр Алишер Ҳамроев билан бирга суратга тушган.

Фото: Instagram / @kamolaumarkhodjayeva

Маълум бўлишича, Камола Умархўжаева 16 йилдан бери Американинг Вашингтон шаҳрида яшаб келмоқда. У ҳозирда тўрт нафар фарзандининг тарбияси билан банд.

«Америкага 2004 йилда тил ўрганиш учун келганман. Бу мамлакатга келганимда инглиз тилини умуман билмасдим. Нолдан бошлаб ўрганганман. Кейин турмуш қурдим, фарзандли бўлдим. Икки фарзандли бўлганимизда турмуш ўртоғим билан ажрашдик. У билан ҳозир ҳам дўстона муносабатдамиз. Кейин иккинчи марта оила қурдим. Ҳозирги турмуш ўртоғим суриялик. Улар анча йиллар олдин АҚШга кўчиб келган. У шу ерда улғайган. Ҳозирда уч ўғил ва бир қизим бор. Қизим 14 ёшда, катта ўғлим 12 ёш, ундан кейингиси 3 ёш ва кенжа ўғлим 7 ойлик», — дейди суҳбат давомида Камола Умархўжаева.

«Ёдгор» фильмининг суратга олиш жараёнидан фото. Картина режиссёри Ҳилол Насимов. Актёрлар Алишер Ҳамроев, Камола Умархўжаева, Фотиҳ Насимов.                                                                                                                                                                          Фото: Instagram / @kamolaumarkhodjayeva

Фото: Instagram / @kamolaumarkhodjayeva

Актрисанинг айтишича, у яқинда Ўзбекистонга келишни режалаштираётган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли режаларни кечиктиришга тўғри келган.

«Турмуш ўртоғим ҳам Ўзбекистонга боришни, Самарқанд, Бухоро каби қадимий шаҳарларни кўришни орзу қилади. Миллий таомларимиздан ош ва мошкичирини жуда яхши кўради. Айрим ўзбек тилидаги сўзларни ҳам билади. Бизнинг оиламизда учта тилда сўзлашилади. Ўзбек, инглиз ва араб тилларида. Турмуш ўртоғимдан фарзандларимизга араб тилини ҳам ўргатишини сўрайман. Ўзим ҳам араб тилини ўрганмоқдаман. Менимча, тил ўрганиш — инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири. Кўп тил билган инсонга кўп имкониятлар эшиги очилади. Шунинг учун ёшларга тил ўрганишни маслаҳат берган бўлардим», — дейди Камола Умархўжаева.

Фото: Instagram / @kamolaumarkhodjayeva