Самарқанд вилоятида аза маросими чоғида коронавирус юқиши қайд этилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирокида ўтказилган онлайн брифингда маълум қилинди.
«Кейинги беш кунда Самарқандда коронавирус юқиши билан боғлиқ 17 та ҳолат аниқланган бўлиб, 7 та ҳолатда касаллик аҳоли орасида қайд этилган», — деди Рустам Қобилов.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этаётган маълумотлар бўйича, 12 июндан буён Самарқанд вилоятида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 17 та эмас, 9 та ҳолат қайд этилган. Улардан 7 таси аҳоли орасида қайд этилган. 11 июнда эса вилоятда янги ҳолатлар аниқланмаган.
«Самарқанд туманида аза маросимида қайд этилган ҳолат сабабли аҳолидан аза маросимларида белгиланган карантин қоидаларига қатиъй риоя қилиш сўралди», — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов.
Рустам Қобилов Самарқанд туманидаги аза маросими қачон бўлгани ва унда неча киши коронавирусни юқтириб олганига аниқлик киритмаган. ССВ Самарқанд туманида 16 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берганди. Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги фуқаро онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширганда унда вирус аниқланган.
Охирги 5 кунда аҳоли орасида қайд этилган ҳолатлар Самарқанднинг бошқа шаҳар ва туманларида кузатилган. Жумладан:
- 12 июнь куни Ургут туманида яшовчи икки фуқарода;
- 15 июнь куни Тойлоқ тумани «Чароғбон» МФЙдаги автомашиналарни таъмирлаш устасида (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна олинган), «Ҳамкорбанк»нинг Ургут филиали ходимида, ушбу туманда қандли диабет касаллиги бўйича даволанишга йўлланма олиш учун намуна олинган беморда;
- 16 июнь куни Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширганда коронавирус юқтириб олгани маълум бўлган.
Ҳозирда Самарқанд вилоятида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 392 та ҳолат қайд этилган бўлиб, беморларнинг 368 нафари (94 фоизи) соғайган. Икки нафар (13 май куни Ў. исмли иккинчи гуруҳ ногирони ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан ҳамда 26 май куни 63 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан) бемор коронавирус асоратларидан вафот этган.