Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маҳаллий телевидение орқали аҳолига қилган мурожаатида тўй ва маъракаларнинг ўтказилишида белгиланган карантин қоидаларига риоя қилинмаётганини қайд этди.
«Тўй ва маъракаларнинг белгиланган талаблар бўйича ўтказилмаганлиги натижасида ҳам кўплаб фуқаролар карантинга олинмоқда. Хусусан, Музработ туманида ўтказилган тўйда белгиланган карантин қоидаларига амал қилинмаганлиги натижасида 250 дан ортиқ фуқаро карантинга олинди», – деган Сурхондарё ҳокими.
Боболовнинг сўзларига кўра, вилоятда 4118 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 298 нафари тиббиёт муассасаларида, 678 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 3142 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб турибди.
«Энг ёмони, бу касаллик аҳоли орасида аниқланяпти. Улар касалликни айнан қаерда юқтирганлигини, касаллик манбаини аниқлаш қийин бўлмоқда.
Карантин қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда ҳаракат қилмасак, коронавирус инфекциясини ҳеч қачон енга олмаймиз. Шунинг учун вирус тарқалишининг олдини олишда барчамиз бирдек масъулиятимизни ошириб, бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим», – деди Тўра Боболов.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 14 июнь куни 114 кишида коронавирус аниқланди. Коронавирус Сурхондарёга қайтди
Аввал касаллик аниқланганларнинг барчаси Сурхондарё вилоятидан бўлиб, уларнинг 1 нафари оғир, 4 нафари ўрта оғир, қолганлари нисбатан қониқарли аҳволда экани ҳамда вилоятга кириб-чиқиладиган «Дарбанд» йўл-патруль пости ҳамда Термиз шаҳри, Музработ, Термиз, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида қатъий карантин талаблари жорий этилгани хабар қилинган. Сурхондарё вилояти 20 майдан буён «яшил» ҳудуд эди. Коронавирус вилоятга қайтгач, шаҳар ва туманларнинг ранглари ўзгарди. Термиз шаҳри, Бойсун тумани, Музработ тумани, Термиз тумани, Шўрчи тумани «қизил» ҳудудлар бўлиб турибди.