Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттираётган барча бозорлар санитария-эпидемиологик тадбирларини, шу жумладан, дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ҳар ҳафтада бир маротаба ёпилиши белгиланди. Бу ҳақда Коронавирус Инфо канали хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, супермаркет ва бошқа йирик дўконларда санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилмоқда, ушбу объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ушбу мажмуаларга киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаблари белгиланмоқда.

Фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида супермаркет ва бошқа йирик дўконларга киришда уларни бепул қўлқоп билан таъминлаш назарда тутилмоқда.

Аввалроқ Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Тошкентда коронавирус аниқланган «қизил» ҳудудларда блокпостлар тикланиши, Ўзбекистонга хориждан келган фуқаролар 14 кунлик карантинни ўз ҳисобидан меҳмонхонада ўтказиш имконияти яратилиши хабар қилинганди.