Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида 62 нафар, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида 5 нафар, Қашқадарё вилоятида 14 нафар, жами 81 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, ўз уйига кузатилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Шу тариқа, Тошкент шаҳри ва вилоятида COVID-19’дан соғайган беморларнинг умумий сони 3119 нафарга етди.

Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекциясидан фориғ бўлганлар сони 56 нафарни ташкил қилди. 27 июнда мазкур вилоятда инфекциядан тузалганлар фоиз кўрсаткичи 23 фоиз эди, бугун яна янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаса, бу борадаги натижа яхшиланиши мумкин.

Ўзбекистон бўйича инфекциядан тузалганлар сони эса 5329 нафарга етган. 28 июнь соат 22:00 ҳолатига кўра, республиканинг турли ҳудудларида жами 2463 нафар бемор белгиланган стандартлар асосида даволанмоқда.

Ўзбекистонда 28 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра 43 нафар, 17:00 ҳолатига кўра эса 88 нафар одам коронавирус инфекциясига чалинган ва касалланганларнинг умумий сони 7813 нафарга етган.

Эпидемия бошланганидан буён COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган беморлар сони эса 21 нафарни ташкил қилмоқда. Июнь ойининг ортда қолган даврида 6 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди.