Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи коронавирус инфекциясига чалинган 70 ёшли онахон Ф.О. ўткир миокард инфаркти, юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

70 ёшли онахоннинг турмуш ўртоғи, 72 ёшли отахон Қ.Р. коронавирусдан вафот этгани ҳақида 29 июнь куни ССВ хабар берганди.

ССВнинг маълум қилишича, Ф.О. 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган эди. 23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга «Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали бронхит ва сурункали юрак етишмовчилиги, бўйин умуртқалари остеохондрози» ташхиси қўйилган.

Бемор аёлда коронавирус инфекцияси қайси куни аниқланганига ССВ аниқлик киритмаган. Бироқ Жиззах вилоятида 25 июнь куни икки кишида коронавирус аниқланган ва улар туғилган кунга боргандан сўнг касаллик аниқлангани ҳақида аввалроқ хабар қилинганди. Улардан бири Ф.О.нинг турмуш ўртоғи Қ.Р. бўлгани аниқ.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи маҳаллий шифокорлар билан бир қаторда Ўзбекистондаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ҳам назоратга олиниб, консилиумлар ўтказилган.

Сўнгги кунларда беморнинг нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига олинган.

Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Жиззахлик онахон коронавирусдан вафот этган Ўзбекистондаги 25-бемор бўлди.

Бунгача Ўзбекистонда 24 киши коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида:

Ўзбекистонда 30 июнь соат 16:30 ҳолатига кўра, коронавирус аниқланган беморлар сони 8298 нафарни, касалликдан тузалганлар 5569 нафарни ташкил этмоқда.