Анча можароларга бой ўтган июнь ойи ҳам ўз поёнига етди. Бу ой нималар билан эсда қолди? Қуйида июнь ойининг энг муҳим ҳодисаларини қайта эсга оламиз.

Коронахабарлар

Бу ойда ҳам COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият давом этди. Касалликнинг авж палласи Жанубий Америка мамлакатлари, хусусан, Бразилияда кучайди. Ой охирига келиб бутун дунёда касалланганлар сони 10 миллиондан, касалликдан вафот этганлар сони эса 500 мингдан ошиб кетди.

Фото: Google Photos

Касалланганлар сони бўйича ҳали ҳам АҚШ етакчилик қилмоқда, мамлакатда 2,5 миллион одамда COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган. Иккинчи ўринни Бразилия (1,3 миллион киши) ва учинчи ўринни Россия (633 минг киши) банд этган.

Университет маълумотларига кўра, COVID-19 қурбонлари сони бўйича биринчи ўринда АҚШ кетмоқда: 125,7 минг киши. Иккинчи ўрин — Бразилия (57 минг), учинчи — Буюк Британия (43,6 минг). Улардан кейинги ўринларни Италия (34,7 минг), Франция (29,7 минг), Испания (28,3 минг) ва Мексика (26,3 минг) эгаллаб турибди. Россия ушбу кўрсаткич бўйича 12-ўринда кетмоқда.

Ўзбекистонда 28 июнь соат 23:30 дан 29 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 274 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет еттинчи кун касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 274 кишида касаллик аниқланиши рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади.  25 июнь куни 276 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 8 222 нафарга етди.

29 июнь давомида 167 нафар фуқаро соғайди. Улардан 115 нафари Тошкент шаҳрида, 22 нафари Сурхондарё вилоятида, 12 нафари Бухоро вилоятида, 11 нафари Наманган вилоятида ва 7 нафари Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларида соғайиб чиқди. Касаллик қайд этилган жами 8 222 нафар бемордан 5 496 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этган.

Сўх воқеалари

Ўзбекистонда бу ойнинг энг шов-шувли воқеаси, шубҳасиз, Сўхда юз берган воқеалардир. 31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх эксклав-туманининг Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманидаги Чашмага номдош Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиқди. Хабарга кўра, икки қишлоқ ўртадаги булоқни тозалаш вақтида можаро бошланган (видеоларни кўринг).

Фото: Telegram

Воқеа жойига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни етиб борди ва аҳоли билан учрашиб, уларни тинчлантирди. Шу куниёқ Арипов Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Қубатбек Бўронов билан палаткада музокара ўтказди. Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон томонда учта хонадон ёниб кетган. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида эса уй ва омборхона ёниб кетган, шунингдек, 25 киши жароҳат олган.

Можаро авж олган вақтда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни оломон ўраб олиб тортқилаётгани ва ҳоким аҳолини тинчлантиришга уринаётгани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу видеолар қирғиз анклавида қийналган Ўзбекистон аҳолисининг ҳокимга қаршилиги деб талқин этилди. Бироқ бош вазир Сўхдаги можаро ҳақида гапирар экан, «Шуҳрат Ғаниев ва бошқа раҳбарлар етиб келиб, вазиятнинг чуқурлашишига йўл қўймаган», деб Ғаниевнинг хизматини ижобий баҳолади. Воқеа иштирокчиларининг айтишича, дарғазаб оломонга нисбатан куч қўлламасликка аскарларга қатъий топшириқ берилган, вазиятни эса ҳоким ўз қўлига олган.

Шунга қарамасдан, Сўх воқеалари туфайли Фарғона ҳокими ишдан олинди деган хабар бир муддат интернет оламини титратди. Бироқ Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташриф буюриб, йиғилиш ўтказди ҳамда Тошлоқ тумани ҳокимини алмаштириш билан чекланди. Аввалроқ Сўх тумани ҳокими ҳам алмаштирилган эди.

Таъкидлаш керакки, сўхликларнинг норозилиги эксклав худди орол каби мамлакатнинг асосий қисмидан узилиб қолганидандир. Карантин эса сўхликлар қамалда қолиб, янада қийналишишига сабаб бўлди. Ҳукумат бу муаммога кўриладиган чораларни маълум қилди. Сўхнинг бўш ерларига тик қудуқлар қўйилиб, бўш ерлар ўзлаштирилиши ва олтита маҳалла фуқаролар йиғинида кичик саноат ҳудудлари ташкил этилиши белгилаб олинди.

Фото: Қирғизистон ҳукумати

Ҳудудда 2020 йил давомида қиймати 101 миллиард сўм бўлган 73 лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 4,5 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Банклар кўмагида 82 та лойиҳа амалга оширилиб, бу мақсадлар учун Сўх туманига 153 миллиард сўм кредит йўналтирилади. Сўхлик битирувчиларга ОТМларда алоҳида грант квоталар ажратилади. Сўхда учта дам олиш маскани яратилади. Тумандаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган воқеаларни «Сўх воқеалари» сифатида талқин қилинишига қаршилигини билдирди. У бу ҳақда 25 июнь, пайшанба куни журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтди. Мулоқотда Шуҳрат Ғаниев мазкур низолар ҳақида гапирганда уларга «Сўх воқеалари» дея таъриф бермаслик лозимлигини айтиб ўтди.

«Албатта, анклав ҳудуд бўлганидан кейин анклав ҳудуднинг ўзига яраша муаммолари бўлади. Анклав ҳудуд билан ишлаб юрган раҳбар, ишлаб кўрган ходим, ишлаб кўрган бошқа соҳа вакиллари билади. Шунинг учун ‘Сўх воқеалари’ деб талқин қилмаслигингларни илтимос қиламан. Чунки бу ерда икки мамлакат фуқаролари аҳил-иноқ бўлиб, минг йиллардан буён яшаб келади. Қўшни Қирғизистон халқи билан дилимиз ҳам, динимиз ҳам, бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир — ҳаммамиз бирмиз», — деди у.

АҚШда ирқчиликка қарши намойишлар

Май ойи охирларида афроамерикалик Жорж Флойднинг полиция ходими томонидан бўғиб ўлдирилиши ортидан юз берган ирқчиликка қарши норозилик намойишлари июнь ойида ҳам давом этди. Мазкур намойишлар фонида айрим иштирокчилар маҳаллий дилерлик марказларига ўғриликка тушган. Кўплаб автомобиллар ўғирлаб кетилган, айримлари эса ёқиб юборилган. 8 июнга келиб эса АҚШнинг Миннеаполис шаҳри кенгаши афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида унинг ўлимига сабаб бўлган полиция департаментини тарқатиб юбориш учун овоз берди.

Фото: Getty Images

10 июнь куни Жорж Флойднинг дафн маросими бўлиб ўтди. Флойднинг жасади у туғилган шаҳарга (Хьюстон, Техас) олиб келинди. Видолашув The Fountain of Praise черковида ўтказилди, бу ерда Баптист руҳонийси ва қора танлилар ҳуқуқлари ҳимоячиси кичик Альфред Чарльз Шарптон нутқ сўзлади. АҚШ собиқ вице-президенти ва Дональд Трампнинг сайловлардаги асосий рақиби демократ Жо Байден ҳам маросим учун видеомурожаат ёзди.

Видолашувдан кейин тобут Houston Memorial Gardens қабристонига полиция машиналари ҳамроҳлигида элтиб қўйилди. Қабристонгача бир миля масофа қолганида тобут махсус от аравага ўтказилди. Флойд онаси ёнига дафн қилинди.

Қайта музлаган Шимол—Жануб алоқалари

Бу ойда Жанубий Корея ҳамда Шимолий Корея ўртаси илий бошлаган алоқалар яна совуб кетди. Гап шундаки, 8 июнь куни КХДР Кэсон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисига Жанубий Корея вакиллари томонидан амалга оширилган телефон қўнғироқларига жавоб қайтармади. Бу ҳақда Сеулнинг расмий вакили 8 июнь куни бўлиб ўтган брифинг вақтида маълум қилди, деб хабар беради Bloomberg.

Фото: Joint Inter-Korean Summit Press Corps

«Бугун эрталаб Шимолий Кореяга қўнғироқ қилишга уриндик, бироқ қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Бунақаси биринчи марта содир бўлмоқда», — дейди бирлашган вазирлик амалдори. Унинг сўзларига кўра, аввал томонлар алоқани текшириш ва мавжуд масалаларни ҳал этиш мақсадида ҳар куни қўнғироқлашиб турган.

Алоқаларнинг совиб кетишига эса Жанубий Корея томонидан тарқатилган ташвиқот варақалари сабаб бўлган. Бунга жавобан КХДР алоқа офисини ёпиш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг Жанубий Корея бирлашган вазирлиги маҳаллий жамоат ташкилотларига Шимолий Кореяга бу каби варақаларни юборишни тўхтатишни буюриб, ушбу ҳаракатлар қонун доирасида тақиқланишига ваъда берган.

16 июнь куни Шимолий Корея ҳарбийлари Кэсон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар берди.

Жанубий Корея ҳукумати КХДР томони икки мамлакат ўртасида юзага келган кескинлик фонида бинони портлатиб юборганини тасдиқлади. Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги ҳам офис буткул яксон этилгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлаган. Жанубий Корея ҳарбийлари КХДРнинг Кэсон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисининг портлатилиши билан боғлиқ видеони эълон қилди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берган.

Шу куни КХДР Кореялараро келишувларга биноан қўшинлар олиб чиқиб кетилган ҳудудларга ўз ҳарбий бўлинмаларини қайтармоқчи эканини билдирди. Бу чегарани қалъага айлантириш ва жанубга қарши ҳарбий хушёрликни кучайтириш мақсадида амалга оширилади.

20 июнь куни КХДР ҳукумати Жанубий Кореяга қарши агитацион урушга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. «Нашриёт уйлари Жанубий Корея расмийларига тартибсиз зарбалар берувчи варақаларни чоп этмоқда. Мамлакат бўйлаб ғазабланган одамлар Жанубий Кореяда ҳатто оддий ахлоқдан маҳрум бўлган одамларга сочиш учун варақаларни оммавий тарқатишга фаол тайёргарлик кўрмоқда», — деб таъкидланган хабарда.

Қирғизистонда қамалган илк президент

Июнь ойида Қирғизистон Республикасида бир қатор сиёсий арбоблар устидан суд ҳукмлари эълон қилинди. Жумладан, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 11 йилга, собиқ бош вазир Сапар Исоқов 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: «Ведомости»

Бишкек суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни катта таъсирга эга бўлган жиноятчи Азиз Батукаевни қамоқдан озод қилиш бўйича коррупцияда айбдор деб топди. Суд қарорига кўра, Алмазбек Атамбаев коррупция ташкил қилишда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 11 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, давлат мукофотларидан маҳрум этиш ва мулкни мусодара қилиш жазолари тайинланган.

Аввалроқ Қирғизистонда прокурорлар Атамбаевга 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни таклиф этгани ҳақида хабар берилганди. Алмазбек Атамбаев 2011—2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида фаолият олиб борган.

2019 йилнинг июнь ойидан Атамбаев дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бунга Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан собиқ президентга қарши илгари сурилган ва мамлакат Бош прокуратураси томонидан асосли деб топилган коррупция ва ноқонуний бойлик орттириш бўйича айблов сабаб бўлган.

Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари 2019 йилнинг август ойида Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги резиденциясини штурм билан эгаллаган. Собиқ президентнинг тарафдорлари қаршилик кўрсатган, ҳар икки томондан, тахминан, 200 киши жароҳат олган, махсус топшириқлар бўйича ҳарбий ҳалок бўлган. Атамбаев қўлга олинган ва коррупцияда айбланган.

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исоқов ҳам коррупцияда айбланиб 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Исоқов Бишкекдаги Давлат тарих музейи ва Чўлпон ота шаҳридаги ипподромни реконструкция қилишда коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топилган. Ушбу икки жойдаги коррупциянинг ҳар бири учун унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо тайинланган.

Суд ҳукми билан Сапар Исоқовга узил-кесил 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлиб, жазони кучайтирилган тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.

Бундан ташқари, у давлатга 247,6 миллион сом (тахминан, 3,3 миллион доллар) жарима тўлаши лозим.

Сапар Исоқов Қирғизистонда 2017—2018 йилларда президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлигида бош вазир бўлган. Унгача Қирғизистон президенти аппарати раҳбари ўринбосари ва раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

2018 йилнинг апрель ойининг ўртасида парламентнинг учта мухолиф фракцияси ҳукумат иши юзасидан ҳисоботни қониқарсиз деб топганидан сўнг президент Сўронбой Жээнбеков уни истеъфога чиқариш борасидаги қарорга имзо чеккан эди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.