Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 18 нафар, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида 25 нафар, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида 64 нафар, Хоразм вилоятида яна 1 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, Сурхондарё вилоятида 2 нафар, жами 113 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, ўз уйига кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Шундай қилиб, айни пайтгача Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус инфекциясидан жами 3369 нафар бемор соғайди.

Хоразм вилоятида эса COVID-19’дан тузалганларнинг сони 302 нафарга етди.

Бугунги кунда Навоий вилоятида коронавирусдан соғайганлар сони 240 нафарни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида эса 67 нафар бемор инфекциядан фориғ бўлди.

Шу тариқа, 30 июнь кун давомида 186 нафар бемор COVID-19’дан тузалиб, ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб соғайганлар сони 5682 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 2020 йил 30 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 87 кишига кўпайиб, 8385 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Инфекция асоратлари оқибатида 25 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият жиддийлашаётганини ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб, қатор карантин чекловлари кучайтирилади. Ўзбекистондаги барча буюм бозорлари ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ёпилади. «Қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 23:00 дан кейин кўчада юриш тақиқланди. «Сариқ» ҳудудларида соат 22:00 дан кейин махсус рухсатномасиз юрган автомобилларга қарши назорат кучайтирилади.