Ўзбекистоннинг эпидемиологик тоифаси «қизил» ва «сариқ» бўлган ҳудудларида соат 23:00 дан сўнг кўчада юриш тақиқланди. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг 30 июнь куни эълон қилинган ахборотида маълум қилинган.

«Жорий йил 1 июль санасидан бошлаб, ‘қизил’ ва ‘сариқ’ ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади», — дейилади комиссия ахборотида.

Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

«Мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади», — дея қўшимча қилинган Махсус комиссия ахборотида.