Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ўпканинг икки томонлама пневмонияси билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот маркази маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: Global Look Press

Атамбаев 29 июнь куни ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган, ундан коронавирусга таҳлил олинган, бироқ таҳлил Атамбаевда касаллик йўқлигини кўрсатган.

Маълум қилинишича, шифокорлар билан онлайн консилиум ўтказилган, шундан сўнг собиқ президентга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Кейин эса Атамбаев стационар даволаниш учун касалхонага ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев катта таъсирга эга бўлган жиноятчи Азиз Батукаевни қамоқдан озод қилиш бўйича коррупцияда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исоқов коррупцияда айбланиб 18 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Қирғизистонда 30 июнь ҳолатига кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони 5296 кишига етди, уларнинг 57 нафари вирус қурбонига айланган. Ҳозирга қадар 2370 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлган.