Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга икки кун ичида мамлакатда қаттиқ карантин жорий қилиш ҳақида таклиф киритиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизматига таяниб «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Reuters

Коронавирусга қарши кураш чоралари юзасидан 29 июнь куни ўтказилган йиғилишда Тўқаев давлат комиссиясига мамлакатда март ойидан май ойигача амалда бўлган қаттиқ карантинга ўхшаш чораларни ишлаб чиқиш ва уларни жорий қилиш юзасидан таклиф киритишни топширган.

Бундан ташқари, Қозоғистон президенти ҳукуматга ва ҳудудлар раҳбарларига юқумли касалликлар бўлимларида ва шифохоналарида ўринлар сонини кўпайтириш ва дори воситалари тақчиллигини бартараф этиш бўйича топшириқ берган. Бунда пандемиянинг иккинчи тўлқини юз беришини инобатга олиб, июль ойининг охиригача юқумли касалликлар бўлимларида ва шифохоналарида ўринлар сонини 50 фоизга кўпайтириш бўйича кўрсатма берилган.

Президентнинг қайд этишича, бу ишларни амалга ошириш учун ҳудудлар хусусий ва давлат тиббий муассасаларининг имкониятларини ишга солиши керак бўлади. Ҳукуматга дори воситалари билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш учун беш кун муҳлат берилди.

Шунингдек, Тўқаев ҳукуматни шошилинч қарорлар қабул қилиш билан бирга узоқ давом этадиган коронавирус пандемиясига тайёргарлик кўришга чақирган. Шу сабабли, ўрта муддатли истиқболда Қозоғистон аҳолисининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича миллий режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалиниш бўйича 21 327 та ҳолат қайд этилган, 16 639 кишида коронавирус белгиларсиз кечаётгани аниқланган, 183 киши коронавирус қурбонига айланган.