Коронавирусдан вафот этган тошкентлик шифокор Алишер Ураловнинг оиласига 1 июль куни компенсация тўланди. Бу ҳақда унинг қизи Шаҳноза Ҳасанова «Qalampir.uz» нашрига маълум қилган.

Коронавирусдан вафот этган шифокор Алишер Уралов.

Фото: «Gazeta.uz»

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июнь, якшанба куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказида хизмат кўрсатиш учун сафарбар этилган шифокор Алишер Уралов коронавирусга чалиниб, миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берган эди. 30 июнь куни марҳум шифокорнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова отаси саломатлиги имкон бермаса ҳам карантин марказига мажбуран жўнатилганини маълум қилган. Шундан сўнг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов марҳум шифокорнинг хонадонига 1 июль куни кўнгил сўраб борди.

Марҳум шифокорнинг қизи маълум қилишича, 1 июль куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг ташрифидан кейин вазирлик масъул ходимлари Алишер Ураловнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Президенти қарорида белгиланганидек 250 миллион сўм компенсация пулини етказиб берган.

Шаҳноза Ҳасанованинг айтишича, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг икки кун ичида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга бефарқ қарамасдан, унинг муаммоси ечимига киришгани кўнглини кўтарган.

«У киши кириб келганларидан кейин мусулмончиликка муносиб ҳолатда дуога қўл очилди. Ундан кейин секин-аста, ҳеч қандай босимларсиз, жуда яқин инсонлардек гаплашдик», — дейди марҳум шифокорнинг қизи.

Вазир билан суҳбат чоғида Шаҳноза Тошкент давлат педиатрия институтининг 3-курс магистратура битирувчиси эканлигини, отаси илмий иш қила олмагани, уни эса илмий иш қилиши учун мана шу илм йўлига йўналтирганини, август ойида институт ректори унга стажировка беришни ва шу орқали иш бошлашини айтган.

Шундан сўнг соғлиқни сақлаш вазири Тошкент давлат педиатрия институти ректори билан боғланиб, Шаҳноза ҳақида яхши таъриф берган. «Димпломимни ёқлашимга, бунинг учун мавзу танлашда ўзлари ёрдам берадиган бўлдилар. Мен у кишига магистратурада ўқиётган талабалар ва бу босқични битирганларнинг режаси, яъни кўпроқ стажировкани йўлга қўйиш, хорижлик ҳамкасблар билан алоқалар қилиб туриш ҳақидаги фикрларимни қўллаб-қувватладилар», — дея таъкидлаган Шаҳноза.

«Отам учун бериладиган компенсация масаласига тўхталар экан, вазир икки кун ичида бу масалани максимум ҳал этилишини айтди. Мутасаддилар бугуннинг ўзида ушбу маблағни етказиб берди. У киши билан муаммо ва камчиликларни бирга ҳал этамиз деган хулосага келдик», — деди Шаҳноза Ҳасанова. Унинг қайд этишича, вазир керакли ёрдам кўрсатилиши ва бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўйилмаслиги, барчасини ўз назоратига олишини билдирган.

«Ижтимоий тармоқларда айтган гапларимдан мақсад Ўзбекистоннинг сиёсатига аралашиш ёки қоралаш эмас. Шу ватанда ўсдим, шу юртда таҳсил олдим. Камчиликларимизни ошкор қилиб, муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқсак, камчиликларимиз йўқотилади, деган мақсадда гапирдим», — дея ўз мақсадини баён қилган Шаҳноза.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.