«Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида яна бир фуқаро қийноқлардан вафот этгани ҳақида ёзиб, ўз постига видео ҳам илова қилди.

Видеодан кадр

«Шу йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)дан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ‘Баҳор’ маҳалласида истиқомат қилган, Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фаррух Хидировнинг ўлиги чиқди.

Билмадим, ‘Фейсбук’ ижтимоий тармоғи постимга илова қилинаётган видеоматериалларни чоп қиладими-йўқми, ижтимоий тармоқдаги дўстларимиздан колония тезкор вакилларининг ваҳшийлиги баён қилинган постимни ўзаро улашишларини илтимос қилардим.

Пичоқ суякка етди! Булар қачонгача ‘узр’ билан қутулади. Булар қачонгача одамни милиция зўравонлари ўлдиради-ю, жавобига келганида блогерларни айблашади. Қўяётган видеоларимга эътибор беринг! Инсон зоти шунчалар ваҳшийми? Одамзодни шунчалик қийноққа солиш мумкинми?

Яқинларининг айтишича, Фаррух бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини айтган ва ҳатто, қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам беришган экан. Сўнг унинг чалажон танасини Сангородга олиб келишибди. У ерда 8 кун давомида ўзига келтиришга уринишган, лекин бўлмабди.

Оддий бир ҳуқуқ ҳимоячиси, фуқаро сифатида изтиробга тушмоқдаман. Наҳотки, ҳаммаси шундай кетаверади?! Қийноқларнинг, хўрликларнинг охири борми?!

Сенат раиси, Республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу ҳодисага очиқ эфир орқали тўғридан-тўғри изоҳ бериши шарт, деб ҳисоблайман», — деб ёзди Абдураҳмон Ташанов.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.

ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасининг маълумотига кўра, видеотасвирда акс этган мурда 1975 йилда туғилган фуқаро Хидиров Фаррух Анваровичга тегишли.

Маҳкум Хидиров маълумоти ўрта, оиласиз, вақтинча ишсиз, муқаддам 4 маротаба судланган. Қамалгунга қадар Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, «Баҳор» МФЙда истиқомат қилган.

У 2010 йил 18 октябрда Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш), 164-моддаси 2-қисми «а» банди (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

ИИВ хабарига кўра, Фаррух Хидиров 2020 йилнинг 5 июнидан буён бир қатор ички касалликлари туфайли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган 23-сонли касалхонада даволаниб келган.

ИИВ ахборот хизмати Фаррух Хидиров бўйича «Дарё»га маълумотнома тақдим этди. Ушбу маълумотномага кўра, Фаррух Хидиров ОИТСга чалинган ва 2006 йилдан бери ўпка сили касаллиги билан оғрийди. 2020 йил 7 июндан бошлаб унинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланган. Маҳкум 15 июнь куни ўз палатасида ўтирган ҳолатида ўрнидан турмоқчи бўлганида мувозанатини йўқотиб, полга йиқилиши оқибатида бутун устки қисми ва пастки лаб ташқи юзасида енгил юзаки шилинган жароҳат олган. Беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Беморнинг умумий аҳволи ўта оғирлиги, ўзи мустақил ёза олмаслиги боис у билан бирга даволанаётган беморлардан ёзма тилхатлар олиниб, ҳолат бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, беморнинг касаллик тарихига бириктирилган.

Фаррух Хидиров бўйича маълумот

Фаррух Хидиров бўйича маълумот

«Даволанишига қарамасдан 2020 йил 18 июнь куни соат 05:45 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10% дан ортиқ камайиши, диарея) ташхисига кўра вафот этган. Мурда прокуратура органлари томонидан текширилган, тан жароҳатлари аниқланмаган, ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.

Видео тасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ», — дейилади ИИВ ахборотида.

Маҳкум Фаррух Хидиров касаллик ташхиси бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ССВнинг ҳамкорликдаги 2008 йил 13 август кунидаги 1854-сонли қарорида кўрсатилган касалликлар рўйхатига тўғри келганлиги сабабли суд муддатини кутаётган бўлган.

ИИВ ахборот хизматининг алоҳида қайд этишича, ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.