Американинг Gilead Sciences биофармацевтика компанияси яқин 3 ой ичида ишлаб чиқариладиган ремдесивир препаратининг деярли бутун ҳажмини АҚШ расмийларига сотади. Бу ҳақда 29 июнь куни АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган.

Фото: Global Look Press

Ремдесивир препаратидан COVID-19’ни даволашда фойдаланилади. АҚШ касалхоналари 500 минг даволаш курсини сотиб олади. Бу июль ойида ишлаб чиқарилиши прогноз қилинган препаратлар ҳажмининг 100 фоизи, шунингдек, август ва сентябрь ойларида чиқариладиган препаратларнинг 90 фоизидир.

Олти дозадан иборат ва беш кунга мўлжалланган битта даволаниш курси АҚШ ҳукуматига 3200 долларга тушади.

«Президент Трамп COVID-19’ни даволашда америкаликларни тасдиқланган биринчи дори-дармон билан таъминлаш борасида жуда яхши келишувга эришди», — деган АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар.

The Guardian’нинг ёзишича, европалик экспертлар АҚШ ҳукумати томонидан сотиб олинадиган ремдесивир ҳажмидан хавотирда. «Улар препаратнинг катта миқдорига эга бўлди, шу сабабли Европага ҳеч нарса қолмади», — деган Ливерпуль университети катта илмий ходими Эндрю Ҳилл.

Ремдесивир дастлаб Эбола безгагини даволаш учун яратилган эди. Бу препарат Американинг Gilead Sciences биофармацевтик компанияси томонидан патентланган бўлиб, айни пайтда бошқа компаниялар уни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга эмаслигини билдиради. Бироқ Gilead Scienceс май ойида 5 та фармацевтик компания билан шартнома тузган бўлиб, улар 127 давлат учун ремдесивир ишлаб чиқариши мумкин. Аммо ишлаб чиқариш муддатига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ремдесивир Европа Иттифоқида рухсат олиш учун тавсия қилинган коронавирусга қарши илк дори воситаси ҳисобланади. Жанубий Корея ҳам 1 июлдан бошлаб ремдесивир дори воситасини сотиб олишни бошлади. 7 июлга қадар мамлакатдаги касалхоналар ремдесивир билан бепул таъминланади, 8 июлдан бошлаб эса унинг нархи муҳокама қилинади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан 1 июль куни Женевада бўлиб ўтган брифингда АҚШнинг ҳақиқатдан ҳам ремдесивир препаратининг деярли барча захирасини сотиб олмоқчи эканлиги аниқлаштирилишини билдирган.