АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш борасида Москва билан рақобатлашмоқчи эмас. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Марказий Осиёдаги беш мамлакатдан бўлган ҳамкасблари билан ўтказилган музокаралари натижаларини сарҳисоб қилиб изоҳ берди, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

Онлайн конференциянинг асосий мавзулари АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқишга тайёргарлик, минтақадаги иқтисодий ҳамкорлик ва коронавирус пандемиясига қарши кураш бўлган.

Учрашув натижалари ҳақида батафсил маълумотни 1 июль куни журналистларга давлат котибининг Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Хеник маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар учун Марказий Осиё янада хавфсизроқ ва фаровон минтақа бўлиши манфаатлидир, ундаги давлатлар эса ривожланиш борасида турли хил вариантларни танлашда эркин бўлиши лозим.

Унинг таъкидлашича, фақатгина ҳозирги инқироз даврида АҚШ минтақада коронавирусга қарши курашиш учун турли хил чораларга 25 миллион доллар ажратган.

Шу билан бирга, дипломатнинг билдиришича, АҚШ Марказий Осиё учун қўшимча маблағ ажратиш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ишлашни давом эттирмоқда.

Хеник «Коммерсантъ»нинг Вашингтон Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиб киришига қандай муносабатда экани ҳақидаги саволига жавобан АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш учун Москва билан рақобатлашмаслигини билдирди.

«Мен ушбу музокаралар ҳақида изоҳ беролмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас. Ўзбекистон иштирокида муҳокамалар давом этмоқда. Шуни биламанки, бу масала Ўзбекистон халқини жуда ўйлантирмоқда. Биз Ўзбекистон фуқароларининг дунё бозорлари ва инвестицияларидан фойдаланишга интилишини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон аҳолиси барча мавжуд маҳаллий блок ва савдо алоқаларини ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласини синчковлик билан ўрганиб чиқади. Қайси бири фойдали эканлигидан келиб чиқиб, танловни амалга оширади», — дейди америкалик дипломат.

Матбуот анжуманида «Толибон» ҳаракати билан тузилган келишувга биноан АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ва Марказий Осиё учун бундай қарорнинг оқибатлари ҳақида ҳам савол берилган. Шунингдек, журналистлар Марказий Осиё республикалари Америка ҳарбий техникасини олиши борасида ҳам қизиққан.

Жонатан Хеник бу ҳақда гапиришга ҳали эрта, деб жавоб қайтарди. «Ўтмишда ҳарбий техникалар бизнинг Марказий Осиёдаги шерикларимизга таклиф қилинганини биламан, аммо келажакда бу масалалар алоҳида муҳокама қилинади», — дейди дипломат.

Унинг таъкидлашича, АҚШ Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўллаб-қувватлов учун шерикларга миннатдорчилик билдирган ҳамда Афғонистондаги иқтисодий ҳамкорлик муваффақият калити бўлишини таъкидлаган.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда одам савдосига қарши амалга оширилган чораларни ижобий баҳолагани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ давлат котиби Майкл Помпео шу йилнинг 2 февралида Ўзбекистонга келганди. У дастлаб Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ва бошқа диний фаоллар билан учрашган эди. Кейин эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокара ўтказган. Ушбу музокара чоғида АҚШ Афғонистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистонга 1 миллион доллар ажратиши маълум бўлганди.