Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев коронавирусдан тузалди. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибой маълум қилди, деб ёзмоқда «Tengrinews».

Фото: Twitter / @Aidos_Ukibay

«Менда яхши янгилик бор. Элбошининг коронавирус инфекциясига топширган бугунги тести манфий натижа берди. Шифокорларнинг тавсияларига кўра, Нурсултон Назарбоев ўзини изоляция қилишда давом этади, масофадан ишлайди ва очиқ ҳавода сайр қилиш учун вақт ажратади», — деб ёзган Назарбоевнинг матбуот котиби Twitter’да.

Шунингдек, матбуот котиби Нурсултон Назарбоевнинг сайр қилиб юргани акс этган суратни ҳам эълон қилган.

Нурсултон Назарбоевнинг коронавирусга чалингани ҳақида 18 июнь куни маълум бўлганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Назарбоевга мактуб йўллаб, унинг тез орада тузалиб кетишини тилаганди. Кейинроқ Шавкат Мирзиёев телефон орқали Нурсултон Назарбоевнинг ҳолидан хабар олганди. Коронавирусга чалингани сабабли Нурсултон Назарбоев Москвада 24 июнь куни бўлиб ўтган Ғалаба парадида иштирок эта олмади.