Америка махсус хизматлари «Толибон» жангарилари ва россиялик ҳарбий разведкачилар ўртасида гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланувчи Раҳматулло Азизий исмли шахс воситачи бўлган деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда The New York Times газетаси ўз манбаларига таяниб, маълум қилди.

Фото: AP Photo

Маълумотларга кўра, Азизий Афғонистондаги америкалик ва халқаро коалиция ҳарбийларининг ўлдирилгани учун мукофот пулларини «Толибон» аъзоларига топширган.

NYT’нинг ёзишича, махсус хизматлар Азизийнинг изига тушган ва унинг қариндошларини бир қисмини қўлга олган бўлса-да, гумонланувчининг ўзи Россияга қочиб кетган.

Шунингдек, нашрнинг таъкидлашича, Азизий билан Россиянинг 29155-сонли ҳарбий разведка бўлинмаси вакили алоқада бўлган.

Аввалроқ The New York Times ва Washington Post газеталари Россия ҳарбий разведкаси бўлинмаси «Толибон» ҳаракатига боғлиқ жангариларга Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбийларини ўлдирганлик учун махфий равишда мукофот таклиф қилгани тўғрисида ёзганди. «Толибон» ҳаракати эса Россия буюртмасига кўра, америкалик ҳарбийларни ўлдиргани тўғрисидаги мақолага раддия бериб, ўзлари бирор-бир разведка органи ёки хориж давлатининг фойдасига боғланмаганини билдирган.

Ўз навбатида АҚШдаги Россия элчихонаси асоссиз ва аноним айблов сабаб Вашингтон ва Лондондаги россиялик дипломатлар тўғридан-тўғри таҳдидларга учрай бошлаганини маълум қилган.

Кейинроқ АҚШ Россия разведкаси америкалик ҳарбийларни ўлдиргани учун «Толибон»га пул ўтказгани тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритгани маълум бўлганди.