Ўзбекистонда 1 июль соат 23:30 дан 2 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 297 та ҳолат қайд этилди. Бу кунлик янги рекорд ҳисобланади. Бунгача 30 июнь куни 281 кишида касаллик аниқланиши энг юқори натижа эди. Ўзбекистонда кетма-кет 10-кун кунлик касалланганлар сони 200 нафардан кўп бўлмоқда. Коронавирусга чалинганлар сони 8000 нафардан 9000 нафарга етиши учун 4 кун керак бўлди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 9078 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 183 нафари карантин муассасаларида;
  • 113 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 67 нафар, Жиззах вилоятида — 27 нафар, Тошкент вилоятида — 11 нафар, Наманган вилоятида — 6 нафар, Сирдарё вилоятида — 2 нафар);
  • 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 7 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 5 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Бир кун ичида аҳоли орасида аниқланган ҳолатлар сони 113 тани ташкил этди. Бу 7 июндан кейинги энг катта кўрсаткич. 7 июнда аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 237 тасидан 217 таси аҳоли орасида қайд этилганди. Ундан сўнг аҳоли орасидаги ҳолатлар бирон марта ҳам 100 тага етмаганди. 7 июндан кейинги энг юқори натижа 8 июнда қайд этилган ва ўша куни аҳоли орасида 66 кишида касаллик аниқланганди.

Тошкент шаҳрида бир кун ичида 115 та янги ҳолат қайд этилди. Улардан 67 таси аҳоли орасида, 48 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Пойтахтда 7 июндан бери биринчи марта бир кунлик янги касалланганлар сони 100 нафардан ошди. 7 июнь куни пойтахтда 195 та янги ҳолат қайд этилганди. Ўшанда касалланганларнинг 183 нафари битта компания ишчилари эди. Тошкентда 4 июндан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида касаллик аниқланади.

Жиззах вилоятида бир кун ичида 33 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда касалланганларнинг умумий сони 4,3 бараварга кўпайди — 10 дан 43 нафарга. Янги ҳолатларнинг 6 таси карантиндагилар орасида, 27 таси аҳоли орасида аниқланди. 25 июнь куни Жиззахга коронавирус қайтган ва шу куни эр-хотинда касаллик аниқланганди. Уларнинг иккиси ҳам касаллик аниқланишидан бир неча кун ўтиб вафот этди. 29 июнь куни яна 5 кишида касаллик аниқланганди. 2 июлдан бошлаб Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш қаттиқ назоратга олинди. Коронавирус аниқланган «Қалия», «Бунёдкор», «Зилол» ва «Маданият» маҳаллалари ҳудудларига кириб-чиқиш тўхтатилди.

Тошкент вилоятида аниқланган 24 та ҳолатдан 12 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 11 таси аҳоли орасида ва 1 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида қайд этилди. Вилоят аҳоли орасида энг кўп касаллик аниқланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тошкент вилоятида 17 июндан 2 июлгача фақат 29 июнь ва 1 июль куни аҳоли орасида касаллик қайд этилмаган.

Сирдарё вилоятида қайд этилган 8 та ҳолатнинг 6 таси карантиндагилар орасида, 2 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 1 июль куни ҳам 18 та касалланиш ҳолати (5 таси аҳоли орасида) қайд этилганди. Сирдарёда июнь ойида  1101421232627 ва 28 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

Наманган вилоятида 7 та янги ҳолат аниқланди. Улардан 6 таси аҳоли орасида, 1 таси карантиндагилар орасида қайд этилди. Вилоятда 25 июндан буён янги ҳолат аниқланмаётганди. Наманганда охирги марта 23 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати (3 та) қайд этилганди. Наманганда касаллик аниқланган беморлар сони 300 нафардан ошди.

Навоий вилоятида аниқланган 6 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилган. Навоийда 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4, 24 июнда 5 ва 27 июнда 3 кишида касаллик аниқланганди.

Қашқадарё вилоятида қайд этилган 3 та ҳолатнинг барчаси карантинга олинганлар орасида аниқланди5 июнда вилоятга коронавирус қайтганидан сўнг, асосан карантиндагилар орасида касаллик қайд этилмоқда. 5 июндан 2 июлгача Қашқадарёда қайд этилган 195 та ҳолатдан 185 таси карантиндагилар орасида, 10 таси аҳоли орасида аниқланган. Ҳозирда вилоятда касалланганларнинг умумий сони 200 нафардан ошди. Ғузорлик ҳамшира «Дарё» мухбири билан суҳбатда коронавирусдан вафот этган қашқадарёлик эркакни даволаган бўлим ходимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётганидан ва бу касаллар сони ошишига олиб келиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Касалликдан даволаниш

2 июль давомида тиббиёт муассасаларида 187 нафар фуқаро соғайди. Уларнинг 130 нафари Тошкент шаҳрида, 45 нафари Қашқадарё вилоятида ва 12 нафари Навоий вилоятидаги шифохоналардан тузалиб чиқди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 9078 нафар бемордан 6034 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 29 июндан буён ўзгармаяпти.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан, 28 июнда 2500 нафардан, 2 июлга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 3000 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 3017 нафар бемордан 2664 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 353 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 9, Наманганда 20, Хоразмда 23, Бухорода 25, Андижонда 28, Сурхондарёда 32, Жиззахда 33, Навоийда 37, Самарқандда 60 ва Қашқадарёда 82 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди. Жиззах вилоятидаги касаллар сони бир кун ичида 10 нафардан 43 нафарга кўпайгач, вилоятда даволаниш кўрсаткичи 7 фоизга тушиб кетди. Қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори. Жиззах бир кун олдин ҳам касалхоналарда энг кам бемор қолган ҳудуд бўлиб турганди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Ўзбекистонда 5 кун ичида биринчи барта янги ўлим ҳолати ҳақида хабар берилмади. ССВ 4 кун давомида (28 июндан 1 июлгача) 7 кишининг ўлими ҳақида маълумот берганди. ССВ коронавирусдан юз берган ўлим ҳолатларини ҳар доим ҳам ўша кундаёқ бермайди. 20-беморнинг ўлими 5 кун ўтиб, 21-беморнинг ўлими 2 кун ўтиб эълон қилинганди. Ғузорлик 64 ёшли эркакнинг  ўлими ҳам 2 кун ўтиб эълон қилингани маълум бўлди. Бу Қашқадарёда коронавирусдан қайд этилган илк ўлим ҳолати бўлди. Аслида Қашқадарёдаги илк ўлим ҳолати анча илгари содир бўлган бўлиши мумкин. Китоб тумани ҳокимлиги 31 майда ўлими қайд этилган фуқаро коронавирусдан вафот этганини 17 июнь куни маълум қилганди. Аммо Китобда вафот этган фуқарони Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этганлар рўйхатига киритмаган.

Ўзбекистонда ҳозиргача коронавирус асоратларидан 27 киши вафот этгани ССВ томонидан тасдиқланган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3017 нафар бемордан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар сони 18, аҳволи ўта оғир беморлар сони 7 нафарни ташкил этаётганди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 39 076 нафар, стационар карантинда эса 24 722 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 1235 нафарга камайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 146 нафарга кўпайди. Уй карантинидаги фуқаролар сони 27 июндан бери биринчи марта 40 мингдан камайди.