Қозоғистонда эпидемиологик вазиятнинг мураккаблашиши ва коронавирус тарқалишининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда карантин чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Tengrinews

Унга кўра, чекловлар 5 июлдан бошлаб 14 кунга жорий этилади. Хусусан, мамлакатда вилоятлар ўртасида йўловчи ташиш хизмати ва жамоат транспорти чекланади. Темир йўллар (шартли равишда) ва минтақалар орасидаги, шунингдек, халқаро ҳаво қатнови (давлатлар рўйхатини кўпайтирмаган ҳолда) сақланиб қолинади.

Фуқароларга икки ҳафта давомида спорт, оилавий, хотира маросимлари ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Уч нафардан ортиқ кишиларнинг биргаликда кўча ва хиёбонларда юриши, шунингдек, ёши 65 дан ошган шахсларнинг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланади. Очиқ ҳавода якка ҳолда машқ қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, спорт заллари, фитнесс марказлари, сузиш ҳавзалари, ёпиқ озиқ-овқат ва буюм бозорлари, маданий иншоотлар, болалар боғчалари, диний мажмуалар, кинотеатрлар ва бошқа объектлар ишлаши тақиқланади. Фақат (олдиндан қабулга ёздирувчи) тиббий марказлар, дорихоналар, очиқ озиқ-овқат дўконлари ва очиқ бозорлар фаолиятига рухсат берилади.

Давлат идоралари, офислар, миллий компаниялар ва бошқа ташкилотлар ходимларининг камида 80 фоизи учун масофавий иш шакли сақланиб қолади.

Очиқ ҳаводаги умумий овқатланиш жойлари, қурилиш ва саноат корхоналари, автомашиналар ювиш, маиший техника таъмирлаш хизматлари, маиший хизмат кўрсатиш марказлари ва иккинчи даражали банклар кучайтирилган санитария ва дезинфекция режимига мувофиқ иш олиб боради. Шунингдек, очиқ ҳавода қурилиш ишлари ва қишлоқ хўжалиги ишлари давом эттирилади.

Мамлакатда эпидемиологик вазиятга қараб, чеклов чоралари яна 2 ҳафтага узайтирилиши ёки кучайтирилиши мумкин.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга икки кун ичида мамлакатда қаттиқ карантин жорий қилиш ҳақида таклиф киритиш бўйича топшириқ берганди.

Маълумот учун, 2 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 22 836 кишига етган. Ҳозирга қадар 13 845 киши соғайган, 188 киши вирус қурбонига айланган. Шунингдек, 19 738 киши коронавирусни белгисиз ташувчи сифатида қайд этилган.