Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияга тегишли ҳарбий авиация кучлари Яманнинг бир қатор вилоятларга зарба берди. Саъда шаҳрига амалга оширилган ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлди, деб хабар қилади Al Masirah телеканали.

Фото: EPA

Телеканал маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бор. Шунингдек, пойтахт Сана шаҳрининг бир қатор туманлари, Ҳажжа, Мариб, Ал-Жауф ва Ал-Байда вилоятларига ҳам ҳужум уюштирилган.

1 июлдан бошлаб ҳарбий коалиция исёнчи хусийлар томонидан Саудия Арабистони чегарасига баллистик ракеталар ва учувчисиз қурилмалар орқали амалга оширилган ҳужумга жавобан кенг кўламли операциялар бошланганини эълон қилганди.

Исёнчи хусийлар ва Яман президенти Мансур Ҳодий армияси ўртасидаги қуролли можаролар 2014 йилдан бери давом этмоқда. Зиддият 2015 йилнинг мартида мамлакатда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари кириб келганидан сўнг кучайган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида хусийлар 2019 йилнинг сентябрида Саудия Арабистонидаги Saudi Aramco нефтни қайта ишлаш объектларига ракета зарбаларини амалга оширганини тан олганди. Бироқ АҚШ бунда Эронни айблаган. Кейинроқ БМТ ҳам Saudi Aramco’га уюштирилган ҳужумга хусийларнинг алоқаси йўқлигини маълум қилганди.